ИИВ раҳбарияти томонидан Тошкент шаҳри Миробод туманида аҳоли хавфсизлигини таъминлаш мақсадида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда
2026-03-17 18:00:00 / Янгиликлар

Тошкент шаҳри Миробод туманида жамоат хавфсизлигини мустаҳкамлаш, аҳоли тинчлиги ва осойишталигини таъминлашга қаратилган “Хавфсиз муҳит” тамойили асосида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири ўринбосари генерал-майор Мирзарахимов Баходир Юлдашевич томонидан туманга жалб этилган ИИВ Академияси курсантлари билан учрашув ташкил этилди.
Учрашув давомида вазир ўринбосари мамлакатимизда хавфсиз муҳитни яратиш, жиноятчиликнинг олдини олиш ва ҳуқуқбузарликларни барвақт аниқлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида атрофлича тўхталиб ўтди. Шунингдек, курсантларга жамоат тартибини сақлашда масъулиятли бўлиш, фуқаролар билан мулоқотда одоб-ахлоқ қоидаларига қатъий риоя этиш, хизмат интизоми ва шахсий хавфсизлик масалалари бўйича зарур кўрсатмалар берилди.
Тунги хизмат олди йўриқномаси жараёнида хизматни самарали ташкил этиш, патруллик қилиш йўналишлари, эҳтимолий хавф-хатарларни бартараф этиш чоралари муҳокама қилинди. Курсантларга хизмат жараёнида тезкорлик, ҳушёрлик ва масъулият билан ёндашиш зарурлиги алоҳида таъкидланди.
Шунингдек, тадбир доирасида Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири ўринбосари генерал-майор Мирзарахимов Баходир Юлдашевич томонидан Миробод тумани ИИО ФМБ пробация ҳисобида турувчи шахслар билан ҳам профилактик учрашув ташкил этилди.
Мазкур учрашувдан кўзланган асосий мақсад — пробация назоратидаги фуқароларни ижтимоий ҳаётга мослаштириш, уларнинг қайта жиноят содир этишининг олдини олиш ва жамиятда ўз ўрнини топишига кўмаклашишдан иборат бўлди.
Учрашув давомида иштирокчиларга қонунчилик талабларига риоя этиш, меҳнат қилиш, ҳалол турмуш тарзини олиб боришнинг аҳамияти тушунтирилди. Шунингдек, уларнинг бандлигини таъминлаш, касб-ҳунарга йўналтириш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокама қилинди.
Вазир ўринбосари уларни қийнаётган муаммоларни ўрганди ва тегишли мутасаддиларга аниқ топшириқлар берди. Шу билан бирга, фуқароларнинг фикр-мулоҳазалари эшитилиб, уларнинг таклиф ва мурожаатларига алоҳида эътибор қаратилди.
ИИВ Транспорт вa туризм объектларида хавфсизликни таъминлаш департаменти Ахборот гуруҳи







