Аёл ва жамият. Ҳар фаслда мўътабар
2026-03-17 23:00:00 / Янгиликлар

Меҳр-муҳаббат, гўзаллик тимсоли бўлган аёл гул ундириб, ҳовлисини, хонадонини обод этадими, ҳунарманд, тадбиркор, ўқитувчи-мураббий ёки давлат хизматчиси бўладими, уни бир сўз билан бунёдкор, фидойи десак арзийди.
Ана шундай эзгу амаллар соҳибалари ҳар қанча эъзоз, эҳтиромга арзийди. ИИВ «Динамо» ЖТСЖ молия-иқтисод бўлими бош инспектори, подполковник Масъуда Аҳмедова ҳам шундай аёллардан биридир. У Халқаро хотин-қизлар куни арафасида «Мўтабар аёл» кўкрак нишони билан тақдирланди.
«Ўзбекистон» халқаро анжуманлар саройида республикамизнинг таниқли аёллари жам бўлган даврада ушбу мукофотни қабул қилиб олиш мен учун ниҳоятда ҳаяжонли, қувончли ва ёқимли бўлди, — дейди қаҳрамонимиз. — Халқимизда «Дарахт бир ерда кўкаради», — дея бежизга айтилмаган экан. Мен ҳам ички ишлар органлари тизимида хизмат қилиб, жамиятда ўз ўрнимни топдим. Шахсий ҳаётимда ҳам бахтга эришдим. Йиллар бир-бирини қувлаб ўтиб борар экан, инсоннинг ҳар бир амали умр китобига янги мазмун бўлиб битилаверади.
Қаҳрамонимизда ҳам шундай бўлди, у дастлаб ички ишлар органларида эркин ёлланган ишчи сифатида фаолият бошлади. Кейин ўзининг қатъияти, ишига виждонан муносабати билан раҳбарият эътиборига тушди ва шаҳодатлаган ходимлар сафига қўшилди.
Масъулиятли соҳадаги хизматини тўкис бажаришида яқинлари, айниқса, турмуш ўртоғи Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБда узоқ йиллар самарали хизмат қилган истеъфодаги майор Фатхулла Аҳмедов ёрдамини аямади. Аҳил-иноқликдаги оила боши-ёнида фарзандларининг қизиқишлари, мақсадларини қўллаб-қувватлаб, эл корига ярайдиган инсонлар қилиб тарбиялашди.
Уларнинг қизи Моҳира Алимова айни пайтда Темир йўл ёқилғи-таъмир бошқармасида иқтисодчи. Ўғли капитан Ниғматилла Ҳикматов эса Тошкент шаҳар божхона бошқармаси «Чуқурсой» ТИФ божхона пости бошлиғи ўринбосари. Ибратли оиланинг келини Умида Ҳикматова ҳам ички ишлар органлари тизимида хизмат қилади, унвони майор.
Аёлнинг сувратию сийратида эзгуликлар бисёр. Қаҳрамонимиз ҳам эрта тонгдан хизматга отланади. Зиммасидаги масъулиятли вазифалар ҳисоб-китоб, рақамлар билан боғлиқ. Бунда, албатта, эътиборли бўлиш керак. Кеч тушиб, оиласи бағрига қайтганида эса Масъуда Аҳмедовани бири-биридан ширин набиралари Мадинахон ва Умархон кутиб олади.
Набираларим кўзимнинг қувончи, — дейди у. — Улар ҳамма чарчоқларимни аритади. Тиллари бийрон ширинтойларим бугуннинг зукко болалари, уларнинг жуда саволлари кўп, баъзан шошириб ҳам қўйишади. Илоҳим, ота-онаси сингари элу юртга нафи тегадиган инсонлар бўлиб улғайишсин.
На, фидойилик қалбини ёритган қаҳрамонимизнинг ҳар кунида аёлликнинг, оналикнинг минг бир фаслига хос хусусиятлар зоҳир. Уларнинг ҳар бири бетакрор ва худди гулларга бурканган баҳор сингари тароватлидир.
©️ “Postda” газетаси
