Интизом ва ҳалоллик — тизим пойдевори: Андижон вилояти ИИБда хизмат интизоми ва қонунийликни мустаҳкамлаш, коррупцияга қарши курашиш масалаларига бағишланган йўриқнома ўтказилди
2026-03-17 09:00:00 / Янгиликлар

Ушбу тадбир нафақат тизимдаги масъулиятни ошириш, балки ҳар бир ходимнинг виждони ва касбий бурчи олдидаги жавобгарлигини янада чуқур ҳис этишига хизмат қилди.
Йўриқнома Андижон вилояти ИИБ бошлиғи, полковник Санжар Джабаров раҳбарлигида ташкил этилиб, унда бошқарма аппарати шахсий таркиби ҳамда соҳавий хизматлар ходимлари саф майдонида, шаҳар-туман ички ишлар органлари ходимлари эса онлайн тарзда иштирок этдилар. Бу эса тадбирнинг қамрови кенг ва аҳамияти юқори эканини яна бир бор намоён қилди.
Тадбир давомида айрим нопок ходимлар томонидан содир этилган коррупция ва тамагирлик ҳолатлари аниқ мисоллар орқали таҳлил қилиниб, уларнинг оқибатлари чуқур тушунтирилди. Ҳар бир мисол орқали қонунбузарликнинг нафақат хизмат фаолиятига, балки инсоннинг шахсий ҳаёти, обрў-эътибори ва оиласига қандай салбий таъсир кўрсатиши очиқ-ойдин кўрсатиб берилди.
Ходимлар ҳушёрликка, покликка ва ўз бурчига содиқ қолишга чақирилди.Йўриқномада сўз олган бошқарма бошлиғи тизим номига доғ тушираётган шахсларнинг келгуси тақдири, уларнинг жамиятдаги ўрни ва оила аъзоларига бўладиган таъсири ҳақида таъсирчан ва ҳаётий мисоллар билан тўхталиб ўтди. У инсоннинг бир лаҳзалик манфаат ортидан бутун умрлик пушаймонга юз тутиши мумкинлигини алоҳида таъкидлади.
Шу билан бирга, тадбирда ҳалоллик ва садоқат намунасини кўрсатган ходимлар ҳам эътибордан четда қолмади.
Фуқаролар томонидан пора сифатида таклиф этилган пул маблағларини рад этиб, ўз қасамёдига содиқ қолган бир гуруҳ ходимларга бошқарма бошлиғи томонидан пул мукофотлари тантанали равишда топширилди. Уларнинг бу юксак инсоний фазилати барчага ибрат сифатида эътироф этилди.
Мазкур тадбир тизимда ҳалоллик, адолат ва қонунийлик тамойилларини мустаҳкамлаш, ҳар бир ходим қалбида ватанпарварлик ва масъулият туйғуларини янада кучайтиришга хизмат қилади.
Интизом ва поклик устувор бўлган жойда эса жамият ишончи ва барқарорлик таъминланиши шубҳасиз.
Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати









