Бухорода жиноятчиликни жиловлаш, хавфсизликни таъминлаш ва байрамларга тайёргарлик масалалари муҳокама қилинди
2026-03-17 10:00:00 / Янгиликлар

Жорий йилнинг 16 март куни Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармасида ҳудудда хавфсиз муҳитни яратиш ва жамоат тартибини сақлаш масалаларига бағишланган кенгайтирилган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишни вилоят ИИБ бошлиғи очиб бериб, сўз навбатини вилоят ҳокимига топширди. Вилоят ҳокими ўз маърузасида жорий йилнинг ўтган 2 ой ва 10 куни мобайнида содир этилган жиноятлар таҳлилини шаҳар ва туманлар кесимида батафсил муҳокама қилди.
Хусусан, маҳаллаларда содир бўлаётган жиноятчилик ҳолатларига алоҳида эътибор қаратилиб, ҳар бир шаҳар ва туман ҳокимларига ҳар ой якуни билан жиноятчилик ҳолатини шахсан муҳокама қилиб бориш вазифаси юклатилди. Шундан сўнг тегишли масъулларнинг ҳисоботлари эшитилди.
Тадбир давомида вилоят прокурори сўзга чиқиб, Ғиждувон туманидаги маҳаллалардан бирида содир бўлган оила-турмуш доирасидаги ўта оғир жиноят хусусида тўхталди.
Ушбу ҳолат юзасидан ўз хизмат вазифасига совуққонлик билан ёндашган мансабдор шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатилганлигини алоҳида таъкидлади.
Шунингдек, маҳалла масъуллари томонидан содир этилган бошқа қонунбузарликлар ҳам танқидий кўриб чиқилди.
Йиғилиш кун тартибидан рақамли хавфсизлик масалалари ҳам ўрин олди. Вилоят ИИБ Ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятларга қарши курашиш бошқармаси бошлиғи соҳадаги жиноятларнинг олдини олиш мақсадида яратилган махсус тизимлар, хусусан «Cybershielduz_bot» ҳамда бошқа тармоқ ботларининг фаолияти бўйича тақдимот қилди.
Шунингдек, кибержиноятларнинг олдини олишда Жиззах тажрибасини қўллаш ва бу борада вилоят ҳокимининг махсус қарорини ишлаб чиқиш таклифи илгари сурилди.
Шу билан бирга, масъуллар томонидан ҳудудда рақамлаштириш жараёнларини жадаллаштириш бўйича тақдимот ва таклифлар эшитилди.
Тадбир давомида, вилоят ИИБ бошлиғи томонидан яқинлашиб келаётган муборак «Рамазон ҳайити» ҳамда «Наврўз» умумхалқ байрамларини кўтаринки руҳда ва хавфсиз ўтказиш, тадбирлар давомида жамоат хавфсизлигини тўлиқ таъминлаш борасида кўрилиши лозим бўлган қатъий чоралар айтиб ўтилди.
Йиғилиш сўнггида вилоят ҳокими томонидан барча мутасадди раҳбарларга жиноятчиликни жиловлаш ва аҳоли осойишталигини таъминлаш бўйича аниқ муддатли вазифа ва топшириқлар берилди.
Бухоро вилояти ИИБ Ахборот хизмати









