Ўзбекистон ва Беларусь ихтисослаштирилган таълим муассасалари ўқувчилари иштирокида видеоконференция ўтказилди
2026-03-16 13:55:00 / Янгиликлар

Куни кеча Ўзбекистон Республикаси ИИВ Ихтисослаштирилган мактаб-интернатида Ўзбекистон ва Беларусь Республикаси Ички ишлар вазирликларига қарашли ихтисослаштирилган таълим муассасалари ўқувчилари ҳамда раҳбарияти иштирокида «Келажак ҳуқуқ-тартибот посбонлари: авлодлар мулоқоти ва тажриба алмашинуви» мавзусида халқаро видеоконференция бўлиб ўтди.
Мазкур тадбир Ўзбекистон Республикаси ИИВ Ихтисослаштирилган мактаб-интернати ҳамда Беларусь Республикаси ИИВ Ихтисослаштирилган лицейи ўртасида тажриба алмашиш, дўстона алоқаларни мустаҳкамлаш ва ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш мақсадида Тошкент–Минск йўналишида Zoom платформаси орқали ташкил этилди.
Тадбирнинг расмий қисмида муассаса раҳбарлари – подполковник А.Бегбоев ҳамда Беларусь ИИВ Ихтисослаштирилган лицейи бошлиғи милиция полковниги Е.Абрамович иштирокчиларга табрик сўзи билан мурожаат қилиб, ҳуқуқ-тартибот органлари учун замонавий кадрлар тайёрлашда халқаро ҳамкорлик муҳим аҳамият касб этишини таъкидладилар.
Шунингдек, «Менинг юртим — менинг фахрим» тақдимотида ўқувчилар ўз давлатларининг маданий мероси ва миллий қадриятлари ҳақида маърузалар тақдим этдилар. Ўзбекистон томонидан 8-«Д» синф ўқувчиси Э.Латипов Ватан ҳақида маъруза билан чиқиш қилди. «Бизнинг мактаб-интернат» қисмида эса 9-«Д» синф ўқувчиси Б.Ёқубов таълим муассасасидаги ўқув жараёни ва яратилган шарт-шароитлар ҳақида маълумот берди.
«Тенгдошлар мулоқоти» интерактив сессиясида ўқувчилар савол-жавоб шаклида ўзаро мулоқот қилиб, ўқиш жараёни, спорт ютуқлари ҳамда келажакдаги касбий режалари ҳақида фикр алмашдилар.
Учрашув якунида томонлар ўқувчиларнинг тайёргарлик даражаси юқори эканини қайд этиб, бундай халқаро мулоқотлар ёшларнинг дунёқарашини кенгайтириш ва келажакдаги ҳуқуқ-тартибот ходимларини тарбиялашда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлашди.
ИИВ Ихтисослаштирилган мактаб-интернати



