Пробация хизмати ташаббуси билан Сергелида ёшлар билан мулоқот ўтказилди
2026-03-16 11:50:00 / Янгиликлар

Сергели туманида «Раҳбар ва ёшлар» мавзусида учрашув бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти Пробация бошқармаси бошлиғи полковник Азамат Шодиевич Ураков иштирок этди.
Учрашувнинг асосий мақсади ёшлар билан очиқ мулоқот ўтказиш, улар томонидан содир этиладиган ҳуқуқбузарликлар ҳамда бундай хатти-ҳаракатларнинг ҳуқуқий оқибатлари ҳақида тушунтириш беришдан иборат бўлди. Суҳбат давомида ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг келиб чиқиш сабаблари ва уларнинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар муҳокама қилинди.
Шунингдек, пробация хизмати томонидан ҳуқуқбузарлик содир этган ва пробация ҳисобида турган ёшларнинг тақдирида амалга оширилаётган ишларга алоҳида эътибор қаратилди. Таъкидланганидек, уларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам ва қўллаб-қувватлаш кўрсатилмоқда. Пробация ходимлари ёшларнинг таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши ва иш билан таъминланишига кўмаклашмоқда.
Қайд этилганидек, амалга оширилаётган ишлардан асосий мақсад — қайта ҳуқуқбузарлик содир этилишининг олдини олиш ва хатога йўл қўйган ёшларни қонуний ҳаёт йўлига қайтаришдан иборат.
Учрашув давомида ёшларда ўз тақдирига онгли муносабатни шакллантириш, жамият олдидаги масъулиятни ҳис этиш ва ҳуқуқбузарлик ҳамда жиноятларга ўрин бўлмаган ҳаёт йўлини танлаш муҳимлиги алоҳида таъкидланди
ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти Ахборот хизмати



