ИИВ қоровул қўшинлари қўмондони ташрифи: Бухорода ҳарбий хизматчиларнинг хизмат шароитлари ва интизом ҳолати муҳокама қилинди
2026-03-14 10:00:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Қоровул қўшинлари қўмондони полковник Х.А. Батиров хизмат фаолиятини ўрганиш ҳамда шахсий таркиб билан яқиндан мулоқот қилиш мақсадида Бухоро вилоятидаги 7536 ҳарбий қисмга ташриф буюрди.
Ташриф доирасида қўмондон ҳарбий қисм ҳудуди, маъмурий ва ўқув биноларини кўздан кечирди. Асосий эътибор ҳарбийлар учун яратилган маиший ва хизмат шароитларига қаратилди.
Ўрганишлар давомида шахсий таркибнинг хизмат ўташ шароитларини янада яхшилаш, бу борада амалга оширилаётган ишларни жадаллаштириш бўйича масъулларга тегишли кўрсатмалар берилди.
Ҳарбийлар учун ҳар томонлама қулай ва замонавий муҳит яратиш энг муҳим вазифалардан бири эканлиги алоҳида таъкидланди.
Шундан сўнг, ҳарбий қисмнинг барча шахсий таркиби иштирокида кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтди.
Мулоқот давомида, ҳарбий хизматчилар ўртасида ҳар қандай кўринишдаги интизомбузарлик, ҳуқуқбузарлик ва қонунбузилиш ҳолатларининг барвақт олдини олиш, сўнгги вақтларда ички ишлар органлари тизимида кузатилаётган айрим салбий ҳолатларни шахсий таркиб эътиборига етказиш ҳамда уларнинг келиб чиқиш сабаблари ва оқибатларини чуқур таҳлил қилиш, қайд этилган кўнгилсиз ҳолатларнинг ушбу ҳарбий қисмда мутлақо такрорланмаслиги кафолатини яратиш учун барча зарурий ва қатъий чораларни кўриш масалалари муҳокама қилинди.
Йиғилиш якунида муҳокама қилинган йўналишлар юзасидан мутасаддиларга аниқ вазифа ва топшириқлар белгилаб берилди.
Шунингдек, бугунги кунда давлатимиз томонидан Ватан посбонларига юксак эътибор қаратилаётганлиги, уларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш ҳамда муносиб хизмат шароитларини яратиш борасида изчил ислоҳотлар олиб борилаётганлиги алоҳида эътироф этилиб, ҳар бир ҳарбий хизматчи бунга жавобан ўз бурчини виждонан ва садоқат билан бажариши лозимлиги таъкидланди.
Бухоро вилояти ИИБ Ахборот хизмати









