ИИВ Академиясида ҳарбий ва ҳарбийлаштирилган олий таълим муассасалари курсантлари ўртасида «Заковат» интеллектуал ўйини ўтказилди
2026-03-14 10:00:00 / Янгиликлар

Ушбу тадбир ёшларнинг билим ва тафаккурини ривожлантириш, уларнинг интеллектуал салоҳиятини янада ошириш ҳамда турли таълим муассасалари ўртасида дўстона муносабат ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилди.
Қизиқарли ва муросасиз кечган баҳс-мунозаралар давомида курсантлар ўз билимлари, тезкор фикрлаши ва мантиқий таҳлил қилиш қобилиятларини намоён этишди.
Турли соҳаларга оид саволлардан иборат босқичларда иштирокчилар тарих, маданият, фан ва замонавий технологияларга доир билимларини синаб кўришди.
Ҳар бир жамоа ғалаба қозониш учун фаол ҳаракат қилди ва саволларга тез ҳамда аниқ жавоб беришга интилишди.
Шу билан бирга, тадбир курсантлар ўртасида жамоавийлик, ҳамжиҳатлик ва ўзаро ҳурмат каби муҳим фазилатларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Беллашув якунига кўра, юқори натижаларни қўлга киритган жамоалар аниқланди. Биринчи ўринни Божхона институти жамоаси эгаллаб, ғолибликни қўлга киритди. Иккинчи ўрин ИИВ Академияси курсантларига насиб этди. Учинчи ўринни эса Ахборот-коммуникация технологиялари ва алоқа ҳарбий институти жамоаси эгаллади.
Ғолиб ва совриндор жамоалар дипломлар ҳамда китоблар тўпламидан иборат эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Тадбир якунида ташкилотчилар бундай интеллектуал ўйинлар ёшларнинг билим доирасини кенгайтириш, уларнинг таҳлилий ва мантиқий фикрлаш кўникмаларини ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлаб ўтишди.
Мазкур интеллектуал беллашув курсантлар учун нафақат билимларини синаб кўриш, балки ўзаро тажриба алмашиш, янги дўстона алоқаларни йўлга қўйиш ва маънавий-маърифий жиҳатдан бойиш имкониятини ҳам яратди.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати



