Патруль шаҳар кезади. Хизматда ҳамиша ҳушёр
2026-03-13 14:10:00 / Янгиликлар

Фарғона вилояти ички ишлар органларида жуда кўплаб ёш ва фидойи ходимлар хизмат қилишмоқда. Вилоят ИИБ ЖХХ ЖТСБ патруль-пост хизмати отряди учинчи гуруҳ инспектори, сафдор Шербек Бойқўзиев ҳақида ҳам ана шундай илиқ фикрларни айтиш ўринли.
Лавҳамиз қаҳрамони Фарғона шаҳрида намунали оилада камолга етган. Отаси Муродилжон Бойқўзиев ҳамда онаси Марҳабо Бойқўзиеваларнинг берган тўғри тарбияси, болаликдан ҳалоллик ва меҳнатсеварликка ўргангани бугунги ютуқларида муҳим пойдевор вазифасини ўтаяпти.
Фарғона политехника институтида таҳсил олиб, замонавий билим ва кўникмаларни эгаллаган Шербек 2022 йилда болаликдан ўзи орзу қилган соҳага ишга кирди. Қисқа фурсатдаёқ патруль-пост хизмати отряди сафида ишлаётган энг фаол ёш ходимлар қаторида тилга олина бошлади.
У Фарғона шаҳри ҳудудида жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш борасида самарали хизмат қилмоқда. Фуқаролар билан мулоқотда эса хушмуомалалик ва адолат тамойилларига амал қилади.
Тизимда амалга оширилаётган ислоҳотлар, соҳадаги янгиликлар ва қонунчиликдаги ўзгаришлардан доимий равишда хабардор бўлиб бораётгани унинг касбий маҳоратини оширишга, сафдошлар орасида ҳурмат қозонишига хизмат қилмоқда.
- Отрядимизда шахсий таркибнинг жисмоний ва жанговар тайёргарлигини оширишга жиддий эътибор берилади, — дейди у. — Назарий ва амалий машғулотлар, спорт мусобақалари ходимларни ҳар томонлама чиниқтирса, минглаб китоб фондига эга кутубхона маънавий дунёқарашимизни бойитишда муҳим пойдевор вазифасини ўтаяпти. Мен ҳам барча спорт ва жисмоний тайёргарлик машғулотларида мунтазам қатнашиб келяпман. Бўш вақтларимда эса кутубхонага кириб, сиёсий ва ҳуқуқий китобларни ўқишга ҳам вақт топаман.
Лавҳамиз қаҳрамони жиноят ва ҳуқуқбузарликларни «иссиқ изида» фош этишда доим фаол иштирок этиб келаётгани таҳсинга лойиқ. Яқинда Фарғона шаҳрининг Қиргули мавзесида ҳамкасби, сафдор Нодирбек Абдураҳмонов билан бирга хизмат олиб бориш пайтида психотроп моддалар савдосини ўзига касб қилиб олган шахсни жиноят устида қўлга олишди.
«Спарк» автомашинаси ҳайдовчиси узоқдан патрулларни кўриб, ўзини безовта тута бошлади. Сафдор Шербек Бойқўзиев эса уни зимдан кузатиб турган эди. Шу боис шубҳали тарзда ҳаракатланаётган ҳайдовчининг автомашинасини тўхтатиб, текшириб кўришга қарор қилишди. Ҳайдовчи бежиз оёғи куйган товуқдек безовталанмаган экан. Унинг автомашинаси холислар иштирокида кўздан кечирилганида, 275 дона қадоқда икки хил номдаги ҳужжатсиз дори воситалари аниқланди. Ушбу дориларнинг бир турдагиси психотроп моддалар туркумига кириши маълум бўлди.
Фарғона шаҳрининг Нефтчилар кўчасида сафдошлари билан бирга хизмат олиб бораётган ёш патруль яна бир шубҳали шахсга рўбарў келди. Ўзини Марғилон шаҳрида яшовчи фуқаро дея таништирган ушбу шахснинг ёни холислар иштирокида кўздан кечирилганида, гашиш гиёҳванд моддаси топилди.
Ш. Бойқўзиев фаолиятидан бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Она Ватан тинчлиги ва хавфсизлиги йўлида сидқидилдан хизмат қилаётган ва бундан доим фахрланадиган лавҳамиз қаҳрамони каби шижоатли ходимлар юрт осойишталигининг мустаҳкам қалқонларидир.
Абдувосит Сидиқов, ўз мухбиримиз. «Постда»
Фарғона вилояти
