Республика идоралараро мувофиқлаштирувчи штаби томонидан Наманганда ўрганишлар давом этмоқда
2026-03-13 11:40:00 / Янгиликлар

Бош прокурорнинг биринчи ўринбосари Баҳриддин Валиев раҳбарлигида Президентнинг 05.01.2026 йилдаги «Республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш йўналишида яхлит манзилли ишлаш тизимини жорий этишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-1-сонли ҳамда «2026 йилда Республика маҳаллаларида жиноятчиликнинг барвақт профилактикаси самарадорлигини янада ошириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-2-сонли қарорлари ижросини таъминлаш мақсадида Наманган вилоятида ўрганишлар давом этмоқда.
Хусусан, ишчи гуруҳ томонидан Давлатобод туманидаги «Орзу» маҳалласида криминоген вазиятни барқарорлаштириш, профилактика ишларини кучайтириш ҳамда аҳоли билан манзилли ишлаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар ўрганилиб, аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича масъулларга тегишли кўрсатмалар берилди.
Шунингдек, туман прокуратураси ҳузурида ташкил этилган штаб фаолияти билан танишиб, унинг ишлаш механизми, белгиланган вазифаларнинг ижроси ҳамда идоралараро ҳамкорлик масалаларини таҳлил қилинди. Ушбу жараёнда туман ишчи гуруҳи аъзолари, «Маҳалла еттилиги» ва «Ижтимоий профилактика» йўналишига масъул мутасаддиларга тасдиқланган «Йўл харитаси» доирасида белгиланган вазифаларни ўз вақтида ва сифатли бажариш юзасидан аниқ топшириқлар берилди.
Шу билан бирга, ёшлар, хотин-қизлар, муқаддам судланган шахслар ҳамда ишсиз фуқаролар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш мақсадида уларнинг бандлигини таъминлаш, ижтимоий муаммоларини бартараф этиш, ҳар бир шахс билан якка тартибда профилактик тадбирлар ўтказишни тизимли ташкил этиш зарурлиги таъкидланди. Хусусан, маҳаллаларда оила-турмуш муносабатлари доирасида содир этиладиган ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг барвақт олдини олишда «Маҳалла еттилиги»нинг ҳар бир аъзоси зиммасига юклатилган вазифаларни аниқ белгилаб олиш, уларнинг масъулиятини янада кучайтириш юзасидан масъул идора ва ташкилотлар вакилларига аниқ вазифалар юклатилди.
Республика идоралараро мувофиқлаштириш штабининг Наманган вилоятидаги ўрганишлари давом этмоқда.
Наманган вилояти ИИБ Ахборот хизмати



