Маҳалла еттилиги билан мулоқот: Бухоро тумани «Работиқалмоқ» маҳалласини «яшил» ҳудудга айлантириш чоралари белгиланди
2026-03-13 11:30:00 / Янгиликлар

Вилоят ИИБ бошлиғининг навбатдаги манзили Бухоро туманидаги «Работиқалмоқ» маҳалла фуқаролар йиғини бўлди. Бу ерда бошқарма бошлиғи маҳалла «еттилиги» иштирокида муҳокама йиғилиши ўтказиб, ҳудудда жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш масалаларига тўхталди.
Йиғилиш аввалида маҳалла раисининг ҳудуддаги жорий ҳолат юзасидан тақдимоти, шунингдек, профилактика инспекторининг келгусида амалга ошириши лозим бўлган устувор вазифалари юзасидан ахбороти тингланди.
Шундан сўнг, бошқарма бошлиғи давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган ташаббуслар асосида ҳар бир маҳаллани энг хавфсиз ҳудудга айлантириш зарурлигини таъкидлади. Хусусан, хавфсизликни рақамлаштириш мақсадида, ҳар бир кўчанинг кириш ва чиқиш қисмларига юзни ҳамда автотранспорт давлат рақам белгиларини аниқловчи ақлли камералар ўрнатиш бўйича кўрсатмалар берилди. Амалиётга «Чилонзор тажрибаси»ни жорий этиш, жумладан, давлат раҳбарининг 2026 йил 5 январдаги ПҚ-1 ва ПҚ-2 қарорлари талабларидан келиб чиқиб, тизимли иш ташкил қилиш муҳимлиги қайд этилди.
Мулоқот давомида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган қатор амалий вазифалар белгилаб олинди. Жумладан, маҳалладаги нотинч оилалар ва улардаги низоларни барвақт аниқлаб, бартараф этиш, пробация ҳисобида турувчи шахслар устидан қатъий назорат ўрнатиш, сурункали спиртли ичимлик истеъмол қилувчи фуқаролар билан индивидуал профилактик ишлар олиб бориш, ёшлар бандлиги ва уларнинг муаммоларини доимий ўрганиш, маҳаллани тўлиқ жиноятдан холи ҳудудга айлантириш чоралари кўрилди.
Бошқарма бошлиғи иш унумдорлигини ошириш мақсадида «маҳалла еттилиги» фаолиятини мувофиқлаштириш тартибига ҳам тўхталиб ўтди. Эндиликда ҳар бир ходим кундалик иш режасини пухта ишлаб чиқиши, мавжуд муаммоларни биргаликда ўрганиб, кун якунида бажарилган ишлар юзасидан маҳалла раисига ҳисобот бериши шартлиги белгиланди. Ўз навбатида, иш режасида камчиликка йўл қўйган масъуллар фаолиятини танқидий муҳокама қилиб бориш самарадорликни ошириши таъкидланди.
Якунда, ҳозирги кунда «сариқ» тоифада бўлган «Работиқалмоқ» маҳалласини йил якунига қадар «яшил» тоифага ўтказиш юзасидан «еттилик» вакилларига аниқ муддатли топшириқ ва вазифалар юклатилди.
Бухоро вилояти ИИБ Ахборот хизмати




