Аёл ва жамият. Оилани қутқарган меҳр
2026-03-13 03:35:00 / Янгиликлар

...Урганч шаҳридаги «Гулчилар» маҳалласида жойлашган хонадонлардан бирида оғир сукунат ҳукм сурарди. Шоҳруҳ Қадамбоев ва Гулноза Қурбиязова ўртасидаги келишмовчиликлар энди шунчаки жанжал эмас, балки ёш оилани жар ёқасига олиб келган жиддий муаммога айланганди.
Бундан хабар топган Урганч шаҳар ИИБ ҲПБ хотин-қизлар масалалари бўйича инспектори, капитан Зуҳра Тиллабоева ва маҳалла профилактика инспектори, майор Сардор Ортиқов хонадонга кириб келишди. Зуҳра Тиллабоева суҳбатни расмий оҳангда эмас, балки оналарча мулойимлик билан бошлади:
- Оила бир кунда қурилмайди, — деди у сокин овозда. — Уни сабр билан асраш керак. Фарзандингизнинг келажаги сизларнинг бугунги қарорингизга боғлиқ.
Аввалига ҳар икки томон ҳам ўз ҳақлигини исботлашга уринди. Аммо капитан Зуҳра Тиллабоева ҳар бир гапни диққат билан тинглаб, муаммонинг илдизига етиб боришга ҳаракат қилди. Эр-хотин билан алоҳида-алоҳида суҳбатлашиб, ҳар иккисининг дардини эшитди.
Маълум бўлишича, келишмовчиликлар асосан маиший масалалар, ўзаро тушунмовчилик ва сабрсизлик туфайли келиб чиққан.
Зуҳра Тиллабоева ташаббуси билан масала Оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш комиссиясида ҳам муҳокама қилинди. Комиссия аъзолари оиланинг сақлаб қолиниши, фарзанд манфаати устувор эканини алоҳида таъкидлашди. Самимий ёндашув ва тушунтириш ишлари, ниҳоят, ўз натижасини берди. Эр-хотин ўзаро келишиб, оилани сақлаб қолишга қарор қилди. Ёш келин яна ўз уйига қайтди.
Бу биргина оиланинг тарихи эмас, балки меҳр ва масъулият билан қилинган хизмат самарасидир. Хотин-қизлар масалалари бўйича инспектор, капитан Зуҳра Тиллабоеванинг ҳар бир куни ана шундай оилалар тақдири билан боғлиқ. Унинг мақсади можарони жазо билан эмас, тушунтириш ва муросага келтириш орқали ҳал этишдир. Чунки бир оиланинг сақланиши болаларнинг бахтли келажагини сақлаш демакдир.
Нилуфар ЖАББОРОВА, ўз мухбиримиз.
Хоразм вилояти.
