“Пайшанба – ёшлар куни” доирасида Ички ишлар вазирлиги 1-сон Академик лицейида “Раҳбар ва ёшлар” учрашуви бўлиб ўтди
2026-03-12 21:50:00 / Янгиликлар

Давлатимиз раҳбари томонидан ҳафтанинг ҳар пайшанба куни вазирлик ва идораларда “Ёшлар куни” этиб белгиланганлиги муносабати билан мамлакатимизда ёшлар билан мулоқот қилиш, уларнинг таклиф ва ташаббусларини қўллаб-қувватлашга қаратилган қатор тадбирлар изчил ташкил этилмоқда.
Шу муносабат билан мазкур кун доирасида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири ўринбосари полковник Саттаров Диёрбек Нематжанович бошчилигида Ички ишлар вазирлиги 1-сон Академик лицейида ўқувчи ёшлар билан “Раҳбар ва ёшлар” мавзусида очиқ мулоқот учрашуви ташкил этилди.
Тадбир бошида Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёшларга мурожаати акс этган видеоролик намойиш этилди.
Шундан сўнг сўз Вазир ўринбосари сўзга чиқиб ўз нутқида мамлакатимизда ёшларга қаратилаётган эътибор, уларни билимли, ташаббускор ва ватанпарвар шахслар этиб тарбиялаш, ёшларнинг юрт тараққиётидаги ўрни ва масъулияти ҳақида алоҳида тўхталиб ўтиб, ўқувчи ёшларга саволар билан мурожаат қилди.
Учрашувнинг навбатдаги қисмида ўқувчи ёшлар томонидан таълим сифатини ошириш, китобхонлик маданиятини ривожлантириш, спортни оммалаштириш ҳамда иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилган қатор таклиф ва ташаббуслар илгари сурилди. Вазир ўринбосари улар билан очиқ мулоқот тарзида фикр алмашиб, билдирилган таклифларни қўллаб-қувватлади.
Тадбир якунида фаоллиги билан ажралиб турган ўқувчиларга Вазир ўринбосари томонидан ташаккурнома ҳамда китоблар тўплами топширилди. Шунингдек, улар билан эсдалик учун суратга тушилди.
Учрашув сўнгида билдирилган таклиф ва ташаббуслар юзасидан масъулларга тегишли топшириқлар берилиб, ёшлар билан бундай мулоқотларни тизимли равишда давом эттириш муҳимлиги таъкидланди.




