Бухоро вилояти ИИБ раҳбарияти томонидан марказий ҳудудлардаги қурилиш ва хавфсизлик ишлари кўздан кечирилди
2026-03-11 11:00:00 / Янгиликлар

Бухоро шаҳри марказини замонавий қиёфага киритиш, йўл инфратузилмасини яхшилаш ва энг муҳими, аҳоли хавфсизлигини таъминлаш мақсадида кенг кўламли ишлар давом этмоқда.
Вилоят ИИБ бошлиғи марказий кўчалардаги таъмирлаш, кўкаламзорлаштириш ва хавфсизликни таъминлаш жараёнларини шахсан пиёда юриб ўрганиб чиқди.
Жараёнда асосий эътибор қурилиш сифатига ҳамда шаҳарсозлик қоидаларига қатъий риоя қилинишига қаратилди.
Йўл ёқасидаги савдо шохобчалари ва маъмурий бинолар атрофини озода сақлаш, ташқи кўринишини меъёрий талабларга келтириш билан бир қаторда, мулкий хавфсизликни таъминлаш масаласига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди.
Хусусан, тадбиркорлар ва объект раҳбарларига ҳудудни тўлиқ камералаштириш, видеокузатув мосламаларини марказлашган тизимга интеграция қилиш ҳамда биноларни белгиланган тартибда қўриқлашга топшириш бўйича аниқ вазифалар белгиланди.
Шунингдек, тунги ёритиш чироқларини ҳайдовчилар ва йўловчилар ҳаракатига халақит бермайдиган, хавфсизлик талабларига тўла жавоб берадиган ҳолатда ўрнатиш бўйича кўрсатмалар берилди.
Ушбу тадбирларни ҳар бир маҳалла фуқаролар йиғини кесимида тизимли ташкил этиш, давлатимиз раҳбарининг ПҚ-1 ҳамда ПҚ-2 қарорлари, шунингдек, «Чилонзор тажрибаси» асосида маҳалла еттилиги ҳамда профилактика инспекторларининг бу борадаги ҳамкорлигини кучайтириш зарурлиги таъкидланди.
Ҳудудларга кўпроқ манзарали дарахтлар экиш ишлари ҳам бевосита маҳаллалар фаоллари иштирокида амалга оширилиши белгиланди.
Амалга оширилаётган бу ўзгаришлар ва қатъий талабларнинг барчаси фуқаролар хавфсизлиги ва осойишталиги учун хизмат қилади.
Берилган барча топшириқлар ижроси бўйича аниқ муддатлар қўйилиб, қатъий назоратга олинди.
Бу каби саъй-ҳаракатлар қадимий шаҳримизнинг янада кўркамлашишига ҳамда юртдошларимизнинг тинч ва фаровон ҳаёт кечиришига замин яратади.
Бухоро вилояти ИИБ Ахборот хизмати




