Наманган вилоят ҳокимлигида жорий йилнинг икки ойи давомида вилоятдаги жиноятчилик аҳволи муҳокама қилинди
2026-03-11 10:00:00 / Янгиликлар

Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида вилоят, шаҳар ва туман студияларидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарлари, тегишли ташкилот ва идоралар масъуллари, шунингдек жорий йилнинг дастлабки икки ойи давомида жиноят содир этилишига йўл қўйилган маҳаллалар раислари ҳамда профилактика инспекторлари иштирок этди.
Йиғилиш давомида вилоят ҳудудида йил бошидан буён қайд этилган жиноятлар таҳлил қилиниб, жиноятчилик даражаси ошиб, «қизил» тоифага кирган маҳаллалардаги ҳолат алоҳида кўриб чиқилди.
Мазкур ҳудудларда йўл қўйилган камчиликлар маҳалла раислари ва профилактика инспекторлари иштирокида танқидий-таҳлилий руҳда муҳокама қилиниб, мавжуд муаммоларнинг келиб чиқиш сабаблари атрофлича таҳлил этилди.
Шунингдек, вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғи томонидан маҳаллаларда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, аҳоли ўртасида профилактик тадбирларни кучайтириш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-1 ва ПҚ-2-сон қарорлари ижросини таъминлаш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар юзасидан батафсил маълумот берилди.
Йиғилиш якунида вилоят раҳбари томонидан маҳаллаларда жиноятчиликни камайтириш, уларни жиноятдан ҳоли ҳудудга айлантириш, ПҚ-1 ва ПҚ-2-сон қарорлари ижросини тўлиқ таъминлаш, криминоген вазияти оғир ҳамда «қизил» тоифадаги маҳаллаларга бириктирилган раҳбарларнинг шахсий масъулиятини янада кучайтириш, профилактик ишларни тизимли йўлга қўйиш ва аниқ натижадорликка эришиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқлар берилди.
Наманган вилояти ИИБ Ахборот хизмати






