Халқаро ҳамкорлик натижасида қидирувда бўлган Ўзбекистон фуқаролари Баҳрайн ва АҚШдан экстрадиция қилинди
2026-03-11 09:00:00 / Янгиликлар

Интерполнинг Тошкент ва Манамадаги Миллий марказий бюролари ўртасидаги яқин ҳамкорлик натижасида Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ташаббуси билан фирибгарлик содир этгани учун халқаро қидирувда бўлган фуқаро Баҳрайн Қироллигидан Ўзбекистон Республикасига экстрадиция қилинди.
Экстрадиция икки давлатнинг ваколатли идоралари томонидан олиб борилган мувофиқлаштирилган ишлар ҳамда Интерполнинг халқаро полиция ҳамкорлиги каналларидан самарали фойдаланиш натижасида амалга оширилди.
Шу билан бирга, Америка Қўшма Штатлари элчихонаси билан ҳамкорликда Интерполнинг Ўзбекистон Республикасидаги Миллий марказий бюросини ахборот билан таъминлаш доирасида ўтказилган қўшма тезкор-қидирув тадбирлари натижасида республика ички ишлар органлари томонидан ўта йирик миқдордаги ўғирликни содир этганлиги учун қидирувда бўлган Ўзбекистон фуқароси Ўзбекистон Республикасига депортация қилинди.
Томонлар ўртасида ўтказилган музокаралар, ҳамкорликдаги тезкор ҳаракатлар ва ахборот алмашинуви натижаларига кўра, Америка Қўшма Штатларининг ваколатли органлари қидирувдаги шахсни Ўзбекистон Республикасига чиқариб юбориш тўғрисида қарор қабул қилди.
Ҳар икки ҳолат ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг халқаро ҳамкорлиги самарадорлигини ҳамда трансмиллий жиноятчиликка қарши курашда Интерпол каналлари орқали тезкор маълумотлар алмашиш муҳимлигини тасдиқлайди. Олиб келинган қидирувдаги шахслар суд олдида жавоб беради ва ўзига муносиб жазони олади.
Ўзбекистон Республикасида Интерполнинг Миллий марказий бюроси


