ИИВ раҳбарияти томонидан Тошкент шаҳри Миробод туманида хавфсиз муҳитни шакллантириш ҳамда жамоат хавфсизлигини таъминлашнинг самарали чора-тадбирлари олиб борилмоқда
2026-03-10 16:35:00 / Янгиликлар

Тошкент шаҳрида хавфсиз муҳитни шакллантириш ва жамоат хавфсизлигини янада мустаҳкамлаш борасида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Миробод туманида кенгайтирилган хизмат олди йўриқномаси ташкил этилди.
Унда Ички ишлар вазири ўринбосари, генерал-майор Баходир Мирзарахимов раҳбарлигида туман ҳудудидаги куч тузилмалари раҳбарлари ҳамда тегишли хизмат ходимлари иштирок этди.
Йўриқнома давомида жамоат тартибини таъминлаш, фуқаролар тинчлиги ва хавфсизлигини муҳофаза қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар таҳлил қилиниб, қўриқлаш, патруль-пост, йўл патруль ва профилактика хизматларининг тун-у кун уч сменали тартибда самарали хизмат олиб бориши юзасидан устувор вазифалар белгилаб берилди. Шунингдек, хизматни ташкил этишда интизом, масъулият ва тезкорликка алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги таъкидланди.
Йиғилишда аҳолидан тушаётган ҳар бир мурожаатга тезкор ва самарали муносабат билдириш, шунингдек объектлардан келиб тушаётган ташвиш хабарларига ҳамкорликда чора кўриш тартиби ҳам атрофлича муҳокама қилинди. Ходимларга хизмат вазифаларини виждонан бажариш, жамоат хавфсизлигини таъминлашда фуқаролар билан яқин мулоқотда бўлиш бўйича аниқ кўрсатмалар берилди.
Шунингдек, тадбир доирасида Олтинкўл маҳалла фуқаролар йиғини “еттилиги” аъзолари билан учрашув ўтказилиб, ҳудудда жойлашган бозордаги хавфсизлик қоидалари, мавжуд шарт-шароитлар ҳамда тартиб-интизом ҳолати ўрганилди. Ўрганишлар натижасида мавжуд камчиликларни бартараф этиш ва хавфсизлик чораларини янада кучайтиришга қаратилган манзилли чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Тадбир якунида ходимлар белгиланган вазифалар асосида хизмат жойларига тарқатилди. Бундай чора-тадбирлар Тошкент шаҳрида жамоат хавфсизлигини таъминлаш, фуқароларнинг тинч ва осойишта ҳаётини муҳофаза қилишга хизмат қилиши таъкидланди.
ИИВ Транспорт вa туризм объектларида хавфсизликни таъминлаш департаменти Ахборот гуруҳи



