Жазони ижро этиш тизимида. Жамиятнинг ажралмас қисми
2026-03-10 13:05:00 / Янгиликлар

Ёшлар келажаги ҳақида ғамхўрлик қилиш доимо давлатимиз раҳбарининг эътиборида. Чунки мамлакатнинг, жамиятнинг эртанги куни бугунги ёш авлоднинг билими, маънавияти ва ҳуқуқий онгига боғлиқ. Ҳозир барча соҳаларда ёшлар қўллаб-қувватланяпти, уларга истеъдодларини юзага чиқаришда кўмаклашилмоқда.
ИИВ ҳузуридаги ЖИЭД бошлиғи, полковник Азизхон Умархоновнинг Биринчи минтақавий ҳудуд 24-сонли тарбия колонияси тарбияланувчилари билан бўлиб ўтган очиқ мулоқотида шу ҳақда гап борди.
Тадбирдан кўзланган асосий мақсад Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган, инсонпарварлик руҳи билан суғорилган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини тарбияланувчиларга етказиш, уларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтиришдан иборат эди.
Учрашувда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламенти, «Ёш ҳуқуқшунослар» клуби ҳамда «Барқарор ҳаёт» нодавлат нотижорат ташкилоти вакиллари ҳам иштирок этди. Унда сўзга чиққанлар жазони ижро этиш тизимида туб бурилиш ясалганини, эндиликда жазолаш эмас, балки тарбиялаш ва инсон қадрини улуғлаш бош мезонга айланганини алоҳида таъкидлашди.
Ҳақиқатан ҳам, вояга етмаганлар билан ишлашда уларнинг онгу шуурини ижобий томонга ўзгартириш, ҳаётга бўлган қарашларини тўғри шакллантириш устувор аҳамият касб этади.
Тадбирда ёшлар таълим олишлари, касб-ҳунар эгаллашлари учун яратилаётган имкониятлар ҳақида батафсил тушунчалар берилди. Шунингдек, очиқ ва самимий мулоқот чоғида тарбияланувчиларни қизиқтирган саволларга мутахассислар атрофлича жавоб қайтаришди.
Маълумот ўрнида шуни қайд этиш керакки, бугунги кунда жазони ижро этиш колонияларида умумий ўрта таълим билан бир қаторда, турли касб-ҳунарларга ўқитиш йўлга қўйилган. Бу эса маҳкумлар озодликка чиққанидан сўнг жамиятда ўз ўрнини топишларига замин яратади.
Юқоридаги каби очиқ мулоқотлар ёшларга ўз фикрини эркин билдириш, муаммоларини очиқ айтиш имконини беради. Энг муҳими, улар ўзларини жамиятнинг ажралмас қисми сифатида ҳис эта бошлашади. Бу қайта тарбиялаш жараёнида энг муҳим омиллардан бири саналади.
Шаҳризод Шокиров, Ахборот хизмати бошлиғи, капитан. «Постда»
