“Янги Ўзбекистоннинг шижоатли аёллари!” шиори остида ички ишлар органлари хотин-қизларининг V Республика форуми бўлиб ўтди
2026-03-07 22:30:00 / Янгиликлар

Ички ишлар органларида хизмат қилаётган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижтимоий ва касбий фаоллигини ошириш ҳамда ижодий-интеллектуал салоҳиятини намоён этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг тегишли фармойишига мувофиқ жорий йилнинг 2–4 март кунлари Хоразм вилоятида “Янги Ўзбекистоннинг шижоатли аёллари!” шиори остида ички ишлар органлари хотин-қизларининг V Республика форуми бўлиб ўтди.
Форум доирасида республиканинг турли ҳудудларидан ташриф буюрган 144 нафар ходима иштирокида бир қатор маънавий-маърифий ва спорт тадбирлари ташкил этилди. Жумладан, “Фидойи аёл ходим”, “Энг яхши китобхон ходима” кўрик-танловлари ҳамда “Заковат” интеллектуал ўйини ўтказилди.
“Фидойи аёл ходим” кўрик-танлови доирасида 18 та жамоа ўртасида спорт ва амалий машғулотлар ташкил қилиниб, иштирокчилар Макаров пистолетини қисмларга ажратиш ва йиғиш, ўқ отиш, жисмоний тайёргарлик машқлари ҳамда назарий билимлар бўйича ўз маҳоратларини намоён этдилар. Натижаларга кўра, 1-ўрин подполковник Дилноза Реджабовага, 2-ўрин подполковник Нодира Есамуратовага, 3-ўринлар майор Сожида Сайдалиева ва майор Клара Нармановаларга насиб этди.
Аз-Замахшарий номидаги Хоразм вилоят ахборот-кутубхона марказида ўтказилган “Энг яхши китобхон ходима” танловида иштирокчилар бадиий асарлар бўйича билимлари, тезкор фикрлаш ва адабиётга оид саволларга жавоб бериш бўйича беллашдилар. Унда 1-ўрин лейтенант Элмира Урозматовага, 2-ўрин катта лейтенант Азиза Турсунпўлатовага, 3-ўрин майор Наргиза Мухаммадиевага берилди.
Форумнинг яна бир қизиқарли қисми сифатида Хива шаҳридаги Ичан Қалъа тарихий мажмуасида “Заковат” интеллектуал ўйини ташкил этилди. Унда 18 та жамоа иштирок этиб, билим ва тафаккур борасида беллашдилар. Натижада 1-ўрин Бухоро вилояти ИИБ жамоасига, 2-ўрин ИИВ Жазони ижро этиш департаменти жамоасига, 3-ўрин Тошкент вилояти ИИББ жамоасига насиб этди.
Тадбир якунида ғолиб ва совриндорлар Ички ишлар вазирининг диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.
Бундай форумлар ички ишлар органларида хизмат қилаётган хотин-қизларнинг касбий маҳорати, интеллектуал салоҳияти ва жамият ҳаётидаги фаол иштирокини янада рағбатлантиришда муҳим аҳамият касб этади.









