Ички ишлар вазирлиги Маданият саройида “8 март — Халқаро хотин-қизлар куни“ муносабати билан соҳада фаолият кўрсатувчи аёл ходималар учун тантанали байрам тадбири ташкил этилди
2026-03-07 18:35:00 / Янгиликлар

Бугунги кунга келиб, мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳақ-ҳуқуқларини рўёбга чиқариш, гендер тенглигини таъминлаш масаласи Давлат сиёсати даражасигача кўтарилди.
Хусусан, Давлатимиз раҳбари томонидан “Аёл қадри, инсон қадри улуғланган юртда, тинчлик ва фаровонлик, аҳиллик ва барака албатта барқарор бўлади” дея таъкидланиб, жамиятда аёлларнинг ролини ошириш масаласи қанчалик муҳим эканлигига алоҳида урғу берилган.
Дарҳақиқат, Ички ишлар органларида эркаклар билан бир сафда халқ манфаатлари йўлида садоқат билан хизмат қилаётган фидойи аёлларнинг ҳам ўрни беқиёс.
Профилактика, миграция, тергов, жиноят-қидирув, йўл ҳаракати хавфсизлиги, тиббий хизмат кўрсатиш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича хизмат ва йўналишларда раҳбар аёллар сони кўпайиб бораётганлиги алоҳида эътирофга сазовор.
Баҳорий гўзаллик ва нафосат байрами муносабати билан Ички ишлар вазирлиги Маданият саройида ташкил этилган тантанали тадбирда, Ички ички ишлар вазири генерал-лейтенант Азиз Ташпулатов юртимизда аёлларнинг фаоллиги ва ташаббусини қўллаб қувватлаш шахсан давлат раҳбари томонидан олиб борилаётган ислоҳотларнинг ажралмас қисми эканлиги таъкидлаб, вазирлик тизимида ҳам ўн минглаб хотин-қизлар билдирилган улкан ишончни оқлаб, масъулиятли вазифаларни уддасидан чиқаётганликларини таъкидлаб ўтди.
Гўзал опа-сингилларимизнинг ўз оиласи ва фарзандлари тарбияси билан бир қаторда нафақат вазирлик тизимидаги таълим ва тиббиёт муассасаларида балки, йигитлар билан елкама-елка саф бўлинмалари ва тезкор тузилмаларда сабот билан хизмат олиб бораётганликлари эътироф этилди.
Сўнгги беш йилда Президентимиз Фармонлари билан ички ишлар органларида хизмат қилаётган хотин-қизларнинг 33 нафари юксак давлат мукофотларига сазовор бўлди. Хусусан, куни кеча Сурхондарё вилояти Денов тумани ички ишлар бўлими Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаси бошлиғи Садбарой Жумаева “Содиқ хизматлари учун” медали билан тақдирланганлиги, тизимдаги аёлларга бўлган эътиборнинг ёрқин мисолидир.
Охирги йилларда илмий даража ва унвонларга сазовор бўлган ходималар сони ошиб ҳозирда тизимга тегишли таълим муассасаларида 59 нафар фалсафа доктори (PhD) ва 12 нафар фан докторлари хизмат олиб бормоқда.
Шунингдек, ҳозирда ИИВ Академиясида 280 дан ошиқ қизлар ўқимоқда. Вазирлик тизимига тегишли академик лицейларида эса 750 нафар қизларимиз таълим олмоқда.
Тадбир жараёнида, Ички ишлар вазирининг тегишли буйруғига кўра фаолиятида улкан натижаларга эришаётган, намунали хизмат олиб бораётган, жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси таъминлашда фидойилик кўрсатаётган ва ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга улкан ҳисса қўшаётган бир гуруҳ ходималар тақдирланди.
Идоравий кўкрак нишонлари, фахри ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан бир қаторда навбатдаги ва рағбатлантириш тариқасида муддатидан аввал махсус унвонлар тантанали равишда топширилди.
Байрам муносабати билан нафақат тизимдаги аёллар балки юрт посбонларини дунёга келтириб вояга еткизган оналарга ҳам миннатдорчилик билдирилди. Бу эзгу анъана бутун мамлакатмиз миқёсида йўлга қўйилиб, ички ишлар вазирининг миннатдорчилик хатлари ходимларнинг меҳрибон оналарига етказилди.
Тантанали тадбир давомида Ички ишлар вазирлиги қошидаги ашула ва рақс ансамблининг хонандалари ўзларининг бетакрор қўшиқ ва рақслари билан иштирокчиларга байрамона кайфият улашдилар.









