Президент топшириқлари ижроси ва маҳаллаларда хавфсиз муҳитни таъминлаш масалалари юзасидан танқидий йиғилиш ўтказилди
2026-03-07 10:30:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Президенти раислигида жорий йил 27 январь куни ўтказилган йиғилишда берилган топшириқлар ҳамда маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш борасида амалга оширилаётган ишлар ва йўл қўйилган камчиликлар юзасидан танқидий йиғилиш бўлиб ўтди.
Йиғилишда Ички ишлар вазири ўринбосари Р.Ашропов, Бош прокурорнинг биринчи ўринбосари Б.Валиев, вилоят ИИБ бошлиғи А.Шермухамедов, вилоят прокурори М.Ахмедов, вилоят ИИБнинг соҳавий хизмат раҳбарлари, шаҳар-туман прокурорлари ва ўринбосарлари, ички ишлар бўлимлари раҳбарлари, уларнинг соҳавий ўринбосарлари вилоят студиясидан иштирок этди.
Видеоселектор тарзда ўтказилган йиғилишда жиноятга оид аризалар, хабарлар ва бошқа маълумотларни кўриб чиқиш, қабул қилинган қарорларнинг қонунийлиги ҳамда ижро интизоми ҳолати чуқур таҳлил қилинди.
Жумладан, жиноятга оид ариза ва хабарларни қабул қилиш ҳамда уларни текшириш бўйича амалга оширилган ишлар ва йўл қўйилаётган камчиликлар танқидий муҳокама қилиниб, мавжуд муаммолар ҳамда уларни бартараф этиш масалалари кўриб чиқилди.
Йиғилишда шаҳар-туман ИИБ бошлиқлари ва прокурорларининг ҳисоботи эшитилиб, келгусида бажариладиган чора-тадбирлар белгиланди.
Шунингдек, Президентимиз томонидан Тошкент шаҳрида хавфсиз муҳитни шакллантириш бўйича ўтказилган танқидий селектор йиғилишида белгиланган вазифалар, хусусан, уюшган жиноятчилик, наркожиноятлар, кибержиноятчилик ва яширин иқтисодиётга қарши курашиш бўйича “пойтахт намунаси”ни вилоятда жорий этиш масалалари муҳокама қилинди.
Тадбир давомида қонун устуворлигини таъминлаш, хусусан, терговга қадар текширувни амалга оширувчи ходимларни (тезкор қидирув, профилактика, йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматлари, терговчи ва суриштирувчилар) ўқитиш, уларнинг ҳуқуқий билимини ошириш борасидаги ишлар белгилаб берилди.
ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти



