Устоз-шогирд. Ҳар суҳбати «маҳорат дарси»
2026-03-07 02:55:00 / Янгиликлар

- Отам Нормўмин Туранқулов узоқ йиллар ички ишлар органларида самарали хизмат қилиб, капитан унвонида ёруғ юз билан пенсияга чиққан эди, — дейди Юнусобод тумани «Увайсий» маҳалласи профилактика катта инспектори, майор Зухржон Туранқулов. — Иккимиз доим ҳамфикр эдик, у киши менинг энг биринчи устозим бўлган. Ҳозир отам орамизда йўқ, аммо ҳаётининг сўнгги кунларида ҳам масъулиятли хизматим ҳақида қайғуриб насиҳат қилгани кечагидек қулоқларим остида жаранглаб туради. Бугун отамдан, устозларимдан ўрганганларимни ёш ходимларга бойитиб етказишга ҳаракат қиламан.
Майор Зухржон Туранқулов, қарийб 28 йилдирки, тизимда хизмат олиб боради. Шогирдлари жуда кўп. У соҳада хизмат бошлаган ёш ходимларга жонкуяр устоз, кези келганида, бағрикенг отадек маслаҳат бериб, йўл-йўриқ кўрсатиб, йиллар давомида орттирган тажрибасини ўргатишдан эринмайди.
- Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академиясида таҳсил олиб, хизмат бошлаганимга кўп вақт бўлгани йўқ, — дейди «Увайсий» маҳалласи профилактика инспектори, лейтенант Бобур Тожимбоев. — Ҳуқуқ-тартибот соҳасига ёшлигимдан қизиққанман. Шунинг учун ҳуқуқшунослик йўналишида ўқидим. Бироқ ушбу соҳада ишлаш учун фақатгина назарий билимнинг ўзи етарли эмас экан. Шу ўринда устоз борасида омадли эканлигимни айтиб ўтишим керак. Ҳозирда устозим — майор Зухржон Туранқуловнинг маслаҳат, тавсиялари ёрдамида назарий билимларимни амалиётга уйғунлаштиришим осон кечмоқда. Устозимдан аввало аҳоли билан ишлашни, муомала маданиятини, муроса қилишни ўргандим. Муаммоли вазиятларга тўғри баҳо бериш, масаланинг ечимини қонун талабларидан келиб чиққан ҳолда топиш малакасини тобора яхшироқ ўзлаштиряпман. Аслида, устозим билан хизмат жараёни ҳақидаги ҳар бир суҳбатимизни «маҳорат дарси» дейиш мумкин.
Ички ишлар органларидек масъулиятли соҳада ҳар бир ходим учун билдирилган ишончни оқлаш — шараф. Бундай эзгу мақсад йўлида устоз-шогирдлик анъанаси энг муҳим омиллардан биридир.
- Замонавий билимларни ўзлаштирган, зийрак, шижоатли ёшлар ишимизнинг давомчиларидир, -дейди майор Зухржон Туранқулов. — Лейтенант Бобур Тожимбоев хизматининг илк кунлариданоқ ўзининг зукколиги, тиришқоқлиги билан эътиборимни тортди. Тўғри, у ҳали ёш, бироз шошқалоқлиги бор. Аммо ўз устида ишлашдан эринмайди, танқидни тўғри қабул қилади. Унинг келажакда малакали кадр бўлиб етишишига ишончим комил.
Устоз-шогирдлик анъанасига кеча, бугун ва эртани бир-бирига боғловчи кўприк дея таъриф бериш мумкин. Бунда устознинг фидойилиги, шогирднинг шахти бирлашса, албатта, қайси касб ёки хизматда бўлмасин, шу соҳанинг моҳир мутахассиси шаклланади. Орамизда Майор Зухржон Туранқуловдек жонкуяр устозлар, лейтенант Бобур Тожимбоев сингари шижоатли ёш ходимлар бор экан, соҳанинг эртаси ишончли қўллардадир.
Гулноза ТУРҒУНБОЕВА, ўз мухбиримиз.
Тошкент шаҳри.
