“Пайшанба – ёшлар куни” муносабати билан ИИВ ихтисослаштирилган мактаб-интернати ўқувчилари билан давра суҳбати ташкил этилди
2026-03-05 17:00:00 / Янгиликлар

“Пайшанба – ёшлар куни” муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ихтисослаштирилган мактаб-интернатида Вазирлик Ёшлар иттифоқи етакчилар кенгаши томонидан ўқувчилар иштирокида давра суҳбати ташкил этилди.
Мазкур учрашув ёшларнинг фикр ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг таклифларини ўрганиш ҳамда таълим-тарбия жараёнларини янада такомиллаштиришга қаратилган очиқ мулоқот тарзида ўтди.
Давра суҳбати давомида ўқувчилар ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилиб, ички ишлар органларида хизмат қилишнинг масъулиятли ва шарафли жиҳатлари ҳақида батафсил маълумотларга эга бўлишди.
Шунингдек, тадбир давомида ўқувчилар томонидан таълим сифатини янада ошириш, ўқув жараёнларини замонавий ёндашувлар асосида ташкил этиш, шунингдек, ўқувчилар ўртасида спортни кенг тарғиб қилиш ва соғлом турмуш тарзини шакллантиришга қаратилган қатор амалий таклиф ва ташаббуслар илгари сурилди.
Ёшлар томонидан билдирилган фикр ва таклифлар иштирокчилар томонидан алоҳида эътибор билан тингланиб, уларни амалиётга жорий этиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш муҳимлиги таъкидланди.
Тадбир якунида бундай учрашувлар ёшлар билан очиқ мулоқотни мустаҳкамлаш, уларнинг ташаббус ва ғояларини қўллаб-қувватлаш, шунингдек, келажакда Ватанга садоқат билан хизмат қиладиган етук кадрларни тарбиялашда муҳим аҳамият касб этиши қайд этилди.






