Иллат. «Қора бозор»га етиб бормади
2026-03-05 23:00:00 / Янгиликлар

Тошкент вилоятида гиёҳвандлик воситалари ва кучли таъсир қилувчи психотроп моддаларнинг ноқонуний айланишига қарши тезкор тадбирлар ўтказилмоқда.
Юқори Чирчиқ туманида вилоят ИИББ томонидан ДХХ ҳудудий бошқармаси ҳамда туман ИИБ ҳамкорлигида навбатдаги тезкор тадбирда жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилди.
Тадбир давомида 20-26 ёшли 4 нафар шахс туманнинг «Нурафшон» маҳалласидаги вақтинча ижарага олинган хонадонда кучли таъсир қилувчи дори воситаларини қўлбола усулда тайёрлаш мақсадида нарколаборатория ташкил этгани аниқланди.
Ушбу манзилдан 3 кг прегабалин, 25 кг трилон, 20 литрли идишларда суюқлик ва прекурсорлар, бўш капсулалар, 3 минг дона бўш флакон топилиб, ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинди.
Суриштирувларда гумонланувчилар лабораторияни ташкил этиш бўйича кўрсатмаларни интернетдаги наркодўкон кураторларидан олиб, уларнинг молиявий кўмагида иш юритгани аниқланди.
Дастлабки маълумотга кўра, мусодара қилинган моддаларнинг «қора бозор»даги қиймати 300 минг АҚШ долларини ташкил этиб, 50 мингдан ортиқ дозадаги дорилар тарқатилишининг олди олинди.
Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди. Ҳозир тергов ҳаракатлари олиб бориляпти.
©️ “Postda” газетаси, Аброр Поёнов, катта сержант. Тошкент вилояти.
