Нурафшон шаҳрида банкоматга ўғирликка тушган шахс воқеа жойида қўлга олинди
2026-03-03 11:00:00 / Янгиликлар

Тунги соат 03:10 да Нурафшон шаҳри ҳудудида жойлашган банкомат қурилмасидан ташвиш сигнали келиб тушди.
Маълум бўлишича, шу куни соат 03:10 да Тошкент вилояти ИИББ Қўриқлаш бошқармасига Нурафшон шаҳар “Оппоқ” МФЙ, Тошкент йўли кўчасида жойлашган банкоматдан ташвиш хабари келиб тушган.
Хабар навбатчилик қисми орқали тунги хизматга бириктирилган тезкор гуруҳга зудлик билан етказилган ва ходимлар 4 дақиқа ичида воқеа жойига етиб борган.
Аниқланишича, банкомат ичида бўлган номаълум шахс ушланганда, унинг ёнида болға, отвертка ва бошқа хўжалик анжомлари борлиги маълум бўлган. У банкомат эшигини бузиб очиб, ичидаги пул маблағларини ўғирлашга уринган.
Кўрилган тезкор чоралар натижасида Ўртачирчиқ туманида яшовчи, 1994 йилда туғилган фуқаро (Й.А.) воқеа жойида иссиқ изидан қўлга олинди.
Ҳолат юзасидан ҳудудий ИИБ томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Тошкент вилояти ИИББ Ахборот хизмати


