Хоразм вилоятида “Янги Ўзбекистоннинг шижоатли аёллари!” шиори остида ички ишлар органлари хотин-қизларининг V Республика форуми бўлиб ўтмоқда
2026-03-02 11:00:00 / Янгиликлар

Ички ишлар органларида хизмат қилаётган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижтимоий, иқтисодий ва касбий фаоллигини янада ошириш, шунингдек ижодий ва интеллектуал салоҳиятини намоён этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг тегишли фармойишига мувофиқ жорий йилнинг 2–4 март кунлари Хоразм вилоятида “Янги Ўзбекистоннинг шижоатли аёллари!” шиори остида ички ишлар органлари хотин-қизларининг V Республика форуми бўлиб ўтмоқда.
Мазкур форум ички ишлар тизимида самарали хизмат қилаётган хотин-қизларнинг касбий маҳоратини ошириш, тажриба алмашиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда жамиятдаги фаоллигини кучайтиришга қаратилган кенг кўламли тадбирларни ўз ичига олади.
Форум доирасида қадимий ва бетакрор Хива шаҳридаги Ичан-Қалъа тарихий мажмуасида “Zakovat” интеллектуал ўйини ташкил этилди. Тарихий муҳитда ўтказилган мазкур билимлар беллашувида республиканинг турли ҳудудларидан ташриф буюрган 18 та жамоа иштирок этди.
Интеллектуал ўйин давомида иштирокчилар ўзларининг билим ва тафаккури, тезкор фикрлаш қобилияти ҳамда жамоавий ҳамкорлик кўникмаларини намоён этдилар. Беллашув кўтаринки руҳда, соғлом рақобат ва дўстона муҳитда ўтди.
Таъкидлаш жоизки, бундай тадбирлар ички ишлар органларида хизмат қилаётган хотин-қизларнинг нафақат касбий, балки маънавий-интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, уларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Форум тадбирлари давом этмоқда.
Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати









