Жазони ижро этиш тизимида. Ҳар жиҳатдан пешқадам
2026-03-02 23:00:00 / Янгиликлар

Баҳор нафаси келаётган, янгиланиш, яшариш фасли яқинлашиб қолган бир паллада ИИВ ҳузуридаги ЖИЭДда Халқаро хотин-қизлар кунига бағишлаб «Фидойи аёл ходима», «Энг яхши китобхон ходима» кўрик-танловлари ҳамда «Заковат» интеллектуал ўйини ташкил этилди.
«Фидойи аёл ходима» кўрик-танлови ва спорт мусобақаларида иштирокчиларнинг жисмоний тайёргарлиги, ўқотар қуролларни тўлиқсиз қисмларга ажратиш ва йиғиш ҳамда нишонни мўлжалга олиш каби жараёнларда чаққонлиги, тест синовларида эса назарий билимлари синовдан ўтказилди.
«Энг яхши китобхон ходима» танловида эса қатнашчилар китобга бўлган меҳрлари, ўқиган асарлари ва улардан олган сабоқлари ҳақида теран мулоҳазалар билдириб, юксак интеллектуал салоҳиятга эга эканликларини кўрсатишди.
«Заковат» интеллектуал ўйинида тизим муассасалари ва минтақаларидан шаклланган жамоалар билим ва фикрлаш борасида ўзаро баҳслашиб, ҳақиқий интеллектуал муҳит яратишди.
Ҳакамлар ҳайъатининг қарорига кўра, «Фидойи аёл ходима» кўрик-танловида Биринчи минтақавий ҳудуд 7-сон ЖИЭК Ишлаб чиқариш цехи мутахассиси, катта сержант Зарина Сайдалиева ғолибликни қўлга киритди.
«Энг яхши китобхон ходима» танловида 23-сон Маҳкумлар учун ихтисослаштирилган касалхона Даволаш-профилактик ёрдам кўрсатиш бўлими шифокори, майор Наргиза Муҳаммадиева энг юқори натижани қайд этиб, ўта билимдон ва ниҳоятда маърифатли эканини кўрсатди.
«Заковат» интеллектуал ўйинида эса Биринчи минтақавий мувофиқлаштириш марказининг «Жасорат» жамоаси ғалаба қозониб, ҳар жиҳатдан пешқадам эканини намоён этди.
©️ “Postda” газетаси, Садриддин Хайруллаев, катта лейтенант.
