Юксак мукофот соҳиблари. Ватаннинг содиқ ўғлони
2026-03-01 17:05:00 / Янгиликлар

Тун сокин. Жанговар постда турган соқчи учун эса ҳар бир сония — масъулият. Унинг нигоҳида ҳушёрлик, қадамида ишонч, қалбида эса Ватанга садоқат мужассам. ИИВ Қоровул қўшинлари ҳарбий хизматчиси фаолияти ана шундай сукунат бағрида, аммо улкан масъулият остида кечади.
Наманган вилояти Поп туманида жойлашган 7552-ҳарбий қисмнинг 1-ўқчи взвод, 1-ўқчи гуруҳи қоровул бошлиғи, катта сержант Жамшид Алиев ана шундай фидойи, мард Ватан ҳимоячиларидан. Унинг ИИВ Қоровул қўшинлари сафида хизмат қилаётганига салкам 25 йил бўлди.
Фаолиятининг илк даврида подполковник Йўлчибой Ҳайдаров, катта сержант Муҳаммаджон Қўчқоров ва Яшнаржон Турҳоловдан ҳарбий маҳоратни, соҳанинг сир-асрорларини ўрганди. Устозларидан олган сабоқлар келгусидаги муваффақиятлари учун мустаҳкам пойдевор бўлди.
Йиллар давомида у масъулият ва матонат мактабидан ўтди. Ҳар бир назарий машғулот, ҳар бир амалий машқ, ҳар бир синов уни тоблаб, тажрибасини бойитди. Бугун лавҳамиз қаҳрамони фақат тажрибали ҳарбийгина эмас, балки кўплаб ёшлар учун устоздир. У ўнлаб шогирдлар тайёрлади. Жумладан, кичик сержантлар Махсутали Қодиров, Ислом Ҳамраев, Ғиёс Бурхоновга хизмат сир-асрорларини ўргатиб, уларнинг жанговар, жисмоний ва маънавий-руҳий сифатларини шакллантиришга муносиб ҳисса қўшди.
— Устозим катта сержант Жамшид Алиевнинг ишчанлиги, босиқлиги ва ҳар қандай ҳолатда ҳам оқилона йўл тутиб, тўғри қарор қабул қилишига қойил қоламан, — дейди кичик сержант Ғиёс Бурхонов. — У киши бизга фақат маҳорат сирларинигина эмас, балки ҳарбийларга хос сабр-тоқатли, интизомли ва масъулиятли, иродали бўлишни ҳам ўргатдилар. Ҳар бир машғулотда талабчан, бироқ адолатли. Қийин вазиятларда ҳам вазминликни сақлаш ва шошмашошарликка йўл қўймаслик кераклигини таъкидлайдилар.
Намунали ҳарбий интизоми ва хизматдаги ютуқлари учун Жамшид Алиев қўшин қўмондони ва ҳарбий қисм командири томонидан бир неча бор фахрий ёрлиқлар билан тақдирланган. 2023 йилда «Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 23 йиллиги» эсдалик нишони, 2026 йилда Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли фармонига мувофиқ «Содиқ хизматлари учун» медали билан мукофотланди.
- Камтарона хизматимнинг юксак баҳоланиши масъулиятимни янада оширади, — дейди қаҳрамонимиз. — Бу эътироф мен учун юксак ишонч рамзи. Давлатимиз раҳбари томонидан билдирилган ишончни оқлаш учун бундан кейин ҳам бор куч-ғайратим, билим ва тажрибамни Ватанимиз тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш йўлида сафарбар этаман.
Жамшид Алиев намунали оила бошлиғи сифатида турмуш ўртоғи Нилуфар билан уч нафар фарзандни тарбиялаб вояга етказмоқда. Қизи Зиёда Тошкент давлат юридик университетининг 2-босқич талабаси. Ривоятхон олий таълим муассасасига кириш учун тайёргарлик кўрмоқда. Ўғли Жасурбек эса ҳозирданоқ отаси каби Ватан хизматига камарбаста бўлишни орзу қилади.
Адолат Файзиева, ўз мухбиримиз. «Постда»
Наманган вилояти
