Сирдарё вилояти ИИБ бошлиғи Ховос туманининг «Дўстлик» маҳалласида ўрганиш ишларини олиб борди
2026-03-01 13:00:00 / Янгиликлар

Даставвал бошқарма бошлиғи маҳалла биносида бўлиб, у ерда маҳалла еттиликлари, профилактика инспектори ҳамда ҳудудга бириктирилган масъул ходимлар билан учрашув ўтказди.
Учрашув давомида ҳудудда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш, аҳоли айниқса ёшлар ва хотин-қизлар билан манзилли ишлаш, муаммоли оилаларни аниқлаш ҳамда ижтимоий профилактик чора-тадбирларни кучайтириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Шунингдек, жорий йилнинг 5-январь куни қабул қилинган Президент қарорлари – ПҚ-1 ва ПҚ-2 сонли қарорлари ижросини таъминлаш юзасидан амалга оширилаётган ишлар юзасидан ҳисоботлар тингланди. Мазкур қарорлар асосида маҳаллаларда хавфсиз муҳитни шакллантириш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш тизимини янада такомиллаштириш, масъул идоралар ҳамкорлигини кучайтириш бўйича белгиланган вазифалар ижроси юзасидан аниқ топшириқлар берилди.
Шундан сўнг бошқарма бошлиғи ушбу маҳаллада жойлашган 1-сонли умумий ўрта таълим мактабига ташриф буюрди.
Ташриф давомида мактаб раҳбарияти билан учрашув ўтказилиб, таълим муассасасида ўқувчилар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш, ёшлар тарбиясига алоҳида эътибор қаратиш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.
Ташрифнинг кейинги манзили шу маҳаллада жойлашган умумий ётоқхона бўлди.
У ерда бошқарма бошлиғи ётоқхонада истиқомат қилаётган фуқаролар билан бевосита мулоқот қилиб, профилактик суҳбатлар ўтказди. Суҳбат давомида фуқароларни қийнаб келаётган ижтимоий муаммолар, коммунал шароитлар, хавфсизлик масалалари ҳамда уларнинг таклиф ва мурожаатлари тингланди. Аниқланган муаммоларни бартараф этиш юзасидан мутасадди ташкилотларга тегишли кўрсатмалар берилди.
Шунингдек, ётоқхонада хавфсизликни таъминлаш мақсадида ўрнатилган қўриқлаш «ташвиш тугмаси»нинг ишчи ҳолати амалда текширилди. Тезкор чақирувга жавоб бериш вақти, сигналнинг қабул қилиниши ва тезкор ҳаракатланувчи гуруҳ ходимларининг етиб келиш тартиби ўрганилди.
Текширув давомида тезкор ҳаракатланувчи гуруҳ ходимларининг хизмат фаолиятига баҳо берилиб, аҳоли хавфсизлигини таъминлашда уларнинг масъулияти ва тезкорлигига алоҳида эътибор қаратилди.
Ўрганишлар давомида бошқарма бошлиғи маҳаллада истиқомат қилаётган алоҳида тоифадаги шахслар билан ҳам учрашиб, профилактик суҳбатлар олиб борди.
Суҳбат жараёнида уларнинг ижтимоий аҳволи, яшаш шароитлари, иш билан бандлиги ҳамда кундалик ҳаётда дуч келаётган муаммолари атрофлича ўрганилди.
Бошқарма бошлиғи томонидан масъул идоралар билан ҳамкорликда муаммоларга ечим топиш, манзилли ижтимоий кўмакни кучайтириш ҳамда профилактик ҳисобда турувчи шахслар билан индивидуал ишлаш самарадорлигини ошириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Бошқарма бошлиғи ушбу маҳаллада жойлашган спиртли ичимликлар савдоси билан шуғулланувчи дўконга ҳам ташриф буюрди.
Ташриф чоғида савдо шохобчасида амалдаги қонунчилик талабларига риоя этилиши, спиртли ичимликларни сотиш тартиби, ёшга доир чекловларга қатъий амал қилиниши ҳамда савдо вақти бўйича белгиланган меъёрлар ижроси ўрганилди.
Шунингдек, дўконда видеокузатув воситалари мавжудлиги, жамоат тартибини таъминлаш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган профилактик чоралар ҳолати текширилди. Савдо ходимларига спиртли ичимликларни вояга етмаган шахсларга сотиш қонунан тақиқлангани, қоидаларга амал қилмаслик эса белгиланган тартибда жавобгарликка сабаб бўлиши тушунтирилди.
Ташриф якунида ҳудудда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, аҳоли билан яқин мулоқот ўрнатиш ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишга қаратилган ишлар изчил давом эттирилиши таъкидланди.
Сирдарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати



