Касбига содиқлар. «Дўстлик» посбони
2026-03-01 05:45:00 / Янгиликлар

Бухоро шаҳар ИИОФМБ 3-сонли ИИБ ҲПБ профилактика инспектори, лейтенант Акбаржон Ҳотамов ўзининг хизмат ҳудудини беш қўлдек билади. Ҳар бир хонадоннинг қувончу ташвиши унга яхши маълум. Чунки фаоллар ва уйбошилар билан ҳамжиҳатлик яхши йўлга қўйилган.
- Акбаржон, маҳалламизда профилактика инспекторининг жамоат тартибини сақлаш бўйича ёрдамчиси вазифасида бир йил ишлагач, 2023 йили профилактика инспектори этиб тайинланди. Шундан бери бирга ишлаб келяпмиз, - дейди «Дўстлик» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Бегзод Абдуллаев. -Ҳудудимизда 30 та кўп қаватли уй, 2 та ижтимоий ётоқхона ва 48 та тадбиркорлик объекти жойлашган. Маҳалламиз 70 фоиз камералаштирилган ва вилоят ИИБ Тезкор бошқарув марказига интеграция қилинган. Шунингдек, ҳудудимиз кўчаларида 80 фоиз ёритиш тизими йўлга қўйилган. Буларнинг шарофати ва профилактика инспекторимизнинг тиниб-тинчимаслиги боис, ўтган йили маҳалламиз «Сариқ» тоифадан «Яшил» тоифага ўтиб, жиноятдан холи ҳудудга айлантирилди.
Лейтенант Акбаржон Ҳотамов ҳар куни эрталабки йўриқномадан сўнг камида икки соат маҳалла фаоллари билан хонадонма-хонадон юриб, хатлов ўтказади. Хатлов ўтказишда янги келган ижарачиларни, жиноятга мойил шахсларни ўрганиб, улар билан профилактик ишларни олиб боради. Шу билан бирга, «Менинг инспекторим» иловасига фуқароларни қўл телефонига улатиш чораларини кўрмоқда.
Бундан ташқари, профилактика инспектори ўзига мурожаат этган ҳеч бир инсонни ноумид қайтармасликка ҳаракат қилади. Чунки устози майор Жаҳонгир Ҳайдаров шундай ўргатган. Жабрдийдага яқин қариндошингга муносабатда бўлгандай муомала қил, деб кўп такрорларди у. Яна ўзингни тутишинг, хулқ-атворинг билан бошқаларга намуна бўл, шундагина одамлар сенга юрагини очади, дея тайинларди.
Яқинда профилактика инспекторининг ташаббуси билан холислар иштирокида собиқ овчи В.В.нинг хонадони текширилганда, темир жавони ва ётоқхонасидан 16 дона гильза, 18 та ўқдори, шунингдек, соф вазни 18 грамм порох моддасини ноқонуний сақлаб келаётганини аниқлади. Ҳозирда фуқаро В.В.га нисбатан жиноят иши қўзғатилган. Лавҳамиз қаҳрамони эса Ички ишлар вазири ўринбосари томонидан қимматбаҳо совға билан мукофотланди.
Мирзоқул АҲАДОВ, ўз мухбиримиз.
Бухоро вилояти.
