Бухоро шаҳрида хавфсиз йўллар ва ободонлаштириш ишлари: Вилоят ИИБ бошлиғи ҳудудларда ўрганишлар олиб борди
2026-03-01 01:05:00 / Янгиликлар

Бухоро вилояти ИИБ бошлиғи 1-сонли жазони ижро этиш колониясига ташриф буюриб, Бухоро шаҳри марказий кўчаларидаги автомобиль йўлларини иккига ажратувчи бетон бордюрлар устига ўрнатиш учун мўлжалланган металл конструкцияли тўсиқларнинг тайёрланиш жараёни билан танишди.
Ўрганишлар давомида ҳар бир темир тўсиқни сифатли, белгиланган стандарт ҳамда техник талаблар асосида ишлаб чиқариш ва уларни ўз вақтида манзилга етказиб бериш юзасидан масъулларга тегишли кўрсатмалар берилди.
Шундан сўнг, вилоят ИИБ бошлиғи Бухоро шаҳрининг «Баҳоуддин Нақшбанд» кўчасида тайёр металл тўсиқларни ўрнатиш ишларини ҳам кўздан кечирди. Жараёнда масъулларга ҳар бир металл панжарани амалдаги қурилиш меъёрлари ва хавфсизлик талабларига қатъий риоя қилган ҳолда ўрнатиш лозимлиги алоҳида таъкидланди.
Мазкур металл конструкцияларни ўрнатишдан кўзланган асосий мақсад — йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, пиёдалар иштирокида содир бўлиши мумкин бўлган йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, шунингдек, Бухоро шаҳрининг туристик жозибадорлигини янада оширишдан иборатдир.
Бундан ташқари, бошқарма бошлиғи томонидан Бухоро шаҳридаги «И.Каримов», «Ибн Сино» ҳамда «Абу Ҳафс Кабир» кўчаларида олиб борилаётган ободонлаштириш, бунёдкорлик ва кўкаламзорлаштириш ишлари билан қадамма-қадам танишиб чиқилиб, мазкур кўчалар ҳудудидан ўтган автомобиль йўли ёқасида жойлашган барча объектлардаги масъулларга аниқ топшириқлар берилди.
Бухоро вилояти ИИБ Ахборот хизмати









