Наманган вилояти ИИБ раҳбариятининг ўрганишлари Янгиқўрғон туманида давом эттирилди
2026-02-28 19:20:00 / Янгиликлар

Маҳаллаларда жиноятчиликнинг олдини олиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси йўналишида профилактика инспекторларининг хизмат фаолияти Наманган вилояти ИИБ раҳбарияти томонидан тизимли равишда ўрганилиб, аниқланган камчиликларни бартараф этиш мақсадида амалий ёрдам кўрсатилмоқда.
Жумладан, ишчи гуруҳ томонидан Янгиқўрғон туманининг «Баркамол», «Барака» ва «Қизилқиёқ» маҳаллалари профилактика инспекторларининг ўтган давр мобайнидаги хизмат фаолияти танқидий-таҳлилий руҳда кўриб чиқилди. Шу билан бирга, келгусида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, аҳоли муаммоларини доимий равишда ўрганиб бориш ҳамда бу борада манзилли ишларни самарали ташкил этиш юзасидан аниқ топшириқлар берилди.
Шунингдек, туманда жойлашган «Исъҳоқ хожи» жоме масжиди ҳам кўздан кечирилиб, у ерда амалга оширилган хавфсизлик чора-тадбирлари, таровеҳ намози вақтида фуқаролар учун яратилган шарт-шароит ва қулайликлар билан танишилди.
Ўрганишлар давомида туман ИИБ раҳбариятининг маҳаллаларни жиноятдан ҳоли ҳудудга айлантириш бўйича тақдимоти тингланиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ–1 ва ПҚ–2-сон қарорлари ижроси доирасида манзилли ишларни ташкил этиш, шунингдек, Тошкент шаҳрининг Чилонзор тумани тажрибасидан самарали фойдаланиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Бу каби ўрганиш ишлари вилоятнинг барча ҳудудларида тизимли равишда давом эттирилмоқда.
Наманган вилояти ИИБ Ахборот хизмати









