Кибержиноятчилик — долзарб муаммо
2026-02-27 23:00:00 / Янгиликлар

Рақамли технологиялар ривожланган сари кибержиноятчилик жамиятимизга катта таҳдид солмоқда. Айни кунларда «Адолат» социал-демократик партияси, Адлия вазирлиги, ички ишлар вазирлиги ҳамда Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси ҳамкорлигида республика миқёсида кенг қамровли тарғибот акцияси давом этмоқда.
Чилонзор туманидаги «Абу Сахий» савдо мажмуасида «Адолат» социал-демократик партияси Тошкент шаҳар кенгаши ҳамда «Tashkent trade center» хорижий корхонаси билан ҳамкорликда «Огоҳ бўлинг: фирибгар!» шиори остида киберфирибгарлик жиноятларининг олдини олиш бўйича тарғибот тадбири ўтказилди.
Унда соҳа мутахассислари киберфирибгарликнинг энг кенг тарқалган турлари, хусусан, банк карталаридан маблағларни ўғирлаш, сохта ҳаволалар (фишинг) ва ижтимоий муҳандислик усуллари ҳақида батафсил маълумот беришди.
Бугун жиноятчилик айниқса рақамли оламда кучаймоқда, — дейди Ўзбекистон Криминология тадқиқот институти бош илмий ходими, педагогика фанлари доктори, доцент, подполковник Руслан Матчанов. — Бинобарин, қонун ижодкорлигида нафақат жазо муқаррарлигини, балки кибертаҳдидларни аниқлашнинг профилактик тизимини яратишимиз лозим.
Фирибгарлар инсон психологиясига таъсир ўтказмоқда. Биз эса бунга қарши ҳуқуқий иммунитетни шакллантиришимиз шарт.
Тадбир савол-жавобларга бой бўлди. Чунки бу муаммо барчани бирдек ўйлантираётгани бор гап. Корхона ходимлари ҳамда маҳалла аҳли ўзларини қизиқтирган саволлар билан мутахассисларга юзланишди ва атрофлича жавоб олишди.
Тадбир якунида иштирокчиларга фирибгарлик қурбонига айланмаслик бўйича амалий эслатма ва қўлланмалар тарқатилди.
©️ “Postda” газетаси, Сарвар Собиров, Тошкент шаҳри.
