Аёл ва жамият. Унинг шиори — олға интилиш
2026-02-26 22:45:00 / Янгиликлар

Ботир (исми ўзгартирилди) пойтахтимиздаги 205-умумтаълим мактабининг 10-синф ўқувчиси. У охирги пайтларда мактабга формасиз келадиган, сабабсиз дарс қолдирадиган одат чиқарди. Устозлари ҳам унинг таълим-тарбияси салбий томонга ўзгариб бораётганидан шикоят қилишди. Мирзо Улуғбек тумани ИИОФМБ ҲПБ Вояга етмаганлар ва ёшлар профилактикасини ташкил этиш гуруҳи катта инспектор-психологи, капитан Моҳинур Мадираҳимова «маҳалла еттилиги» билан ўқувчининг яшаш манзилига бориб, оилавий шароитини ўрганди.
Ботирдаги ўзгаришлар оиласи, яқинлари таъсирида эмасди. Боланинг феъл-атвори уч-тўртта таниш ўртоқлари сабаб ўзгараётгани ойдинлашди. Капитан Моҳинур Мадираҳимова Ботирнинг яқинлари билан келишган ҳолда унинг вақтини тўғри тақсимлаб, назоратга олди. Боланинг қизиқишлари, келажакдаги мақсадлари, бу йўлда нималар қилиши кераклиги ҳақида олиб борилган якка тартибдаги профилактик ишлар тезда ўз самарасини берди. Ҳозирда унинг хулқ-атвори ижобий томонга ўзгарди, мактабга ўз вақтида келади, дарс жараёнларига тўлиқ қатнашиб, синфдошлари билан келишиб, аъло баҳолар олишга ҳаракат қилади.
Лавҳамиз қаҳрамони хизмат жараёнида вояга етмаганлар билан боғлиқ бу каби ҳолатларга тез-тез дуч келади. Шундай кезларда у муаммога олиб борувчи сабабларни синчковлик билан ўрганади. Масалага ижобий ечим топишда энг муҳим омилларни таҳлил қилишдан эринмайди. Чунки мутахассис сифатида балоғат даврида ёшлардаги кўпчиликка тушунарсиз бўлиб кўринган ўзгаришларни назарий, амалий жиҳатдан баҳолай олади. Бундай вазиятда қандай йўл тутиш кераклигини яхши билади.
- Ўз олдига катта мақсад қўйган инсон фақат олға интилиши, ортга чекинмаслиги керак, — дейди капитан Моҳинур Мадираҳимова. — Мен ҳозирда Хоразм вилояти Урганч шаҳар ИИОФМБ 3-сон ИИБ ҲПБ катта инспектори сифатида хизмат олиб бораётган акам майор Мансур Мадираҳимовга ҳавас қилиб шу соҳани танлаганман. 2018 йилда ИИВ Академиясини тамомлаб, илк хизматимни Хоразм вилояти Қўшкўпир тумани ИИОФМБ 1-сон ички ишлар бўлинмасида бошлаганман. Фаолиятим мобайнида таълим даргоҳида олган билимларимни соҳавий хизматлардаги амалиёт билан уйғунлаштиришга, зиммамдаги вазифаларни астойдил, тўкис бажаришга ҳаракат қилиб келяпман.
Айни пайтдаги қаҳрамонимизнинг фаолияти ёшлар билан боғлиқ бўлиб, унга пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманидаги 205-, 221-, 223-умумтаълим мактабининг ўқувчи-ёшлари бириктирилган. Ушбу мактабларда «Оила-маҳалла-мактаб» тамойили асосида жиноят содир этиш эҳтимоли юқори ва салбий етакчиликка интилаётган ўқувчилар билан мактаб ҳамда «маҳалла еттилиги» билан ҳамкорликда ишлаб келмоқда.
Бундан ташқари, дарс вақтида ўқувчиларнинг назоратсиз қолишининг олдини олиш мақсадида таълим масканлари атрофида жойлашган интернет клублари (компьютерхоналар) ва бошқа кўнгилочар жойларда «Ўқувчи» тадбирини ташкил этяпти. Вояга етмаганлар ўртасидаги энг ташвишли муаммо ичкиликбозлик, кашандалик, гиёҳвандлик, психотроп ва уларнинг ақл-ирода фаолиятига таъсир этувчи бошқа моддалар таъсирига тушиб қолиш, ноқонуний автотранспорт воситаларини бошқариш. Бундай ҳолатларининг олдини олиш борасида ҳам мунтазам профилактик ишлар амалга оширилмоқда. Умуман олганда, бугуннинг боласи ўта қизиқувчан. Бунда уларнинг вақтини тўғри тақсимлаб, керакли билимларни олишида қўллаб-қувватлаш керак. Шунда улар келажаги учун мустаҳкам пойдевор қўяди. Ёши, билим-тафаккури замон билан баравар улғаяди, етук шахс сифатида шаклланади.
Бугунги тезкор замон вақтнинг қадрига етиш, жамиятда ўз ўрнини топаман деган кишидан интеллектуал салоҳиятини тинимсиз ошириб боришни тақозо этади. Бу ақидани ўзи учун ҳам муҳим қоидага айлантирган капитан Моҳинур Мадираҳимова бўш вақтларида китоб мутолаа қилади. Турк тилини ўрганади. Спорт турларидан волейбол, шахмат билан мунтазам шуғулланади. Оила ошиёнида турмуш ўртоғи Жаҳонгир Ҳожиназаров билан елкама-елка туриб, фарзандлари Амирахон, Муҳаммад Ботиржон ва Амалияхонларнинг таълим-тарбияси ҳақида қайғуради.
Айтганча, капитан Моҳинур Мадираҳимова яқинда Тошкент шаҳар ИИББда ўтказилган «Фидойи аёл ходима» кўрик-танловида фахрли иккинчи ўринни қўлга киритди. Ушбу қувонарли натижа жонкуяр ходиманинг чин маънода касбий билим ва маҳоратининг, жисмоний имкониятлари, ижодкорлигининг ўзига хос намойиши бўлди, десак асло муболаға эмас.
Гулноза Турғунбоева, ўз мухбиримиз. «Постда»
Тошкент шаҳри
