Андижонда ёш ходимлар ўртасида “Хорижий тиллар интеллектуал челленжи” кўрик-танлови ўтказилди
2026-02-26 10:25:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири томонидан жорий йилнинг 24 январь куни ўтказилган “Вазир ва ёшлар учрашуви”да белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, шунингдек, ёш ходимларнинг хорижий тилларни ўзлаштиришга бўлган қизиқиши ва интеллектуал салоҳиятини ошириш мақсадида “Хорижий тиллар интеллектуал челленжи” кўрик-танлови ташкил этилди.
Мазкур кўрик-танловда инглиз тили бўйича етарли билим ва кўникмаларга эга бўлган ёш ходимлар иштирок этиб, ўзаро билим ва тажрибаларини синовдан ўтказдилар. Беллашувлар юксак рақобат, муросасиз баҳслар ҳамда кутилмаган савол ва топшириқларга бой тарзда кечди.
Танлов жараёнлари халқаро тан олинган баҳолаш мезонлари — “IELTS” ва “CEFR” синов имтиҳонлари тизими асосида ташкил этилди ҳамда холисона баҳоланди. Бу эса иштирокчиларнинг тил билими даражасини аниқ ва шаффоф мезонлар асосида баҳолаш имконини берди.
Кўрик-танлов якунларига кўра, Жамоат тартибини сақлаш бошқармаси бўлинмалари патруль-пост хизмати батальони биринчи отряд патруль-пост хизмати инспектори сафдор Хусанжон Маниёзов 3-ўринни, Қўрғонтепа тумани ИИБ 2-сон ички ишлар бўлинмаси Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси гуруҳи профилактика инспектори лейтенант Файзулло Хабибуллаев 2-ўринни эгаллади. Ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятларга қарши курашиш бошқармаси Электрон маблағларни талон-торож қилинишига қарши курашиш бўлими катта тезкор вакили лейтенант Давронбек Қахоров эса фахрли 1-ўринга сазовор бўлди.
Ғолиб ва фаол иштирокчилар бошқарма раҳбарияти томонидан муносиб рағбатлантирилиб, диплом ҳамда қимматбаҳо совғалар билан тақдирландилар.
Мазкур кўрик-танлов ёш ходимларнинг хорижий тилларни пухта ўзлаштириши, касбий фаолиятда замонавий билим ва кўникмаларни кенг жорий этиш, шунингдек, уларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этди.
Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати



