Жазони ижро этиш тизимида. Муҳим тамойиллардан бири
2026-02-26 06:00:00 / Янгиликлар

Давлат органлари фаолиятининг очиқлиги, мурожаатларга эътибор ва халқ билан мулоқот даражаси жамият тараққиётининг муҳим мезонларидан биридир. Айниқса, жазони ижро этиш тизимида мурожаатлар билан ишлаш масаласи инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашда алоҳида аҳамият касб этади.
Жорий йилнинг ўтган бир ойи давомида ИИВ ҳузуридаги ЖИЭД ҳамда унинг тасарруфидаги муассасаларга жисмоний ва юридик шахслардан жами 911 та мурожаат келиб тушган. Олиб борилган тизимли чора-тадбирлар, жойларда ташкил этилган сайёр қабуллар ва тарғибот ишлари натижасида мурожаатлар сони ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 0,7 фоизга, такрорий мурожаатлар эса 44 фоизга камайган.
Мурожаатларнинг аксарияти қаноатлантирилган бўлса, айримлари юзасидан ҳуқуқий тушунтириш ва маслаҳатлар берилди. Бу эса фуқароларнинг ҳуқуқий онгини ошириш ва асоссиз мурожаатларнинг олдини олишда муҳим омил бўлмоқда.
Асосан маҳкумларни бошқа муассасага ўтказиш, афв этиш, уларнинг соғлиғи, моддий ва ижтимоий таъминоти, манзил колонияларида кийим-кечак ва озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш, ишлаб чиқариш корхоналарида яратилган шарт-шароитлар, жазо турини енгилроғи билан алмаштириш, муддатидан илгари шартли озод қилиш каби масалалар бўйича мурожаатлар қилинган. Шунингдек, пул ўтказмалари, маҳкумларнинг иш ҳақини ўз вақтида олиши, аввалги муассасада қолиб кетган иш ҳақининг, оила аъзолари томонидан юборилган маблағларнинг ҳисоб рақамига ўз вақтида тушиши билан боғлиқ мурожаатлар ҳам атрофлича ўрганилиб, ижобий ҳал этилмоқда.
Адвокатлар томонидан маҳкумларга нисбатан тавсифнома олиш, узоқ ва қисқа муддатли учрашувлар, қонуний никоҳни расмийлаштириш ёки ажримга розилик олиш, нотариал ҳаракатларни амалга ошириш каби масалалар юзасидан ҳам амалий кўмак кўрсатилмоқда. Ички ишлар органлари ваколатига кирмайдиган масалалар бўйича эса тегишли идораларга мурожаат қилиш тартиби тушунтириляпти. Департаментнинг Мурожаатлар билан ишлаш гуруҳи фаолияти инсонпарварлик тамойиллари асосида йўлга қўйилганини қуйидаги мисоллар ҳам тасдиқлайди.
Бир аёл ягона ўғли жазо муддатини яшаш манзилидан узоқ вилоятда ўтаётгани, ёши кексалиги боис учрашувларга боришда қийналаётгани юзасидан мурожаат қилди. Мурожаат атрофлича ўрганилди. Маҳкумнинг хулқ-атвори ижобий экани, маънавий-маърифий тадбирларда фаол иштирок этаётгани, қонунчиликка кўра уни яшаш ҳудудига яқин муассасага ўтказишга тўсиқ йўқлиги аниқланди. Натижада мурожаат ижобий ҳал этилиб, онахон Департамент раҳбариятига миннатдорлик билдирди.
Яна бир фуқаро озодликка чиққанидан сўнг қонуний бир марталик моддий ёрдамни олишда муаммога дуч келганини билдирди. Ўрганишлар жараёнида унинг шахсини тасдиқловчи ҳужжати алмашгани сабаб маълумотлар базасида ноаниқликлар юзага келгани маълум бўлди. Муаммо бартараф этилди. Мурожаатчи миннатдорлик билдириб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонасига мактуб йўллади.
Мурожаатлар билан ишлаш инсон манфаатларини таъминлаш, қонунийлик ва адолат тамойилларини ҳаётга татбиқ этишда муҳим ўрин тутади. Энг муҳими, ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири тургани чуқур англанган ҳолда, ҳар бир масалага масъулият ва инсонийлик билан ёндашилаётгани. Бу эса жазони ижро этиш тизимида ислоҳотлар изчил давом этаётганини ва инсон ҳуқуқлари устувор тамойил сифатида таъминланаётганини кўрсатади.
Садриддин ХАЙРУЛЛАЕВ, катта лейтенант.
