Ёшлар орасида гиёҳвандлик ва психотроп моддалар тарқалишининг олдини олишга қаратилган кенг кўламли профилактик чора-тадбирлар янги босқичга кўтарилмоқда
2026-02-25 14:50:00 / Янгиликлар

Давлат раҳбарининг 2024 йил ПФ–73-сон ва 2025 йил ПФ–207-сон фармонлари ижросини таъминлаш мақсадида республика ҳудудида «Ёшлар орасида гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тарқалишининг олдини олиш» комплекс тезкор-профилактик тадбири изчил амалга оширилмоқда.
Хусусан, Бўстонлиқ туманида жойлашган «Оқтош» оромгоҳи ҳудудида Ички ишлар вазирлиги Тезкор-қидирув департаменти раҳбарияти ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги «Антинарко ёшлар фронт-офислари» координаторлари иштирокида махсус семинар-тренинглар ташкил этилди. Унда ҳудудлардан ташриф буюрган 200 га яқин координаторлар гиёҳвандликка қарши курашишнинг самарали усуллари, яширин хавфларни барвақт аниқлаш, тенгдошларга тўғри психологик таъсир ўтказиш ҳамда СММ ва замонавий медиа воситалари орқали таъсирчан тарғибот механизмларини қўллаш бўйича зарур билим ва амалий кўникмаларни эгалладилар.
Мазкур тадбир доирасида ёшлар ўртасида гиёҳвандлик — шунчаки муаммо эмас, балки жамият ва келажак тараққиётига жиддий таҳдид экани кенг жамоатчиликка етказилмоқда. Профилактик ва тарғибот ишлари тизимли равишда ташкил этилиб, ёшларнинг ҳуқуқий онги ва мафкуравий иммунитетини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Тадбир якунида соҳа мутасаддилари томонидан мазкур иллатнинг олдини олишда каттаю кичик — барча бирдек масъул экани алоҳида таъкидланиб, ёшлар билан очиқ мулоқот ташкил этилди, таклиф ва ташаббуслар муҳокама қилинди.
Эндиликда тренинг иштирокчилари эгаллаган билим ва тажрибаларига таянган ҳолда ўз ҳудудларида гиёҳвандликка қарши тарғибот ишларини янги босқичда, янада самарали ва тизимли равишда давом эттиришлари белгилаб олинди.
Мазкур комплекс чора-тадбирлар ёшлар онгида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, уларни турли зарарли иллатлар таъсиридан асраш ҳамда жамият хавфсизлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади.









