Ҳалолликни шиор қилган ходимлар. Қуюқ меҳмондорчиликдан сўнг
2024-06-11 22:00:00 / Янгиликлар

Тўрт ошна йиғилиб, Самарқанд шаҳридан оқдарёлик ҳамкасбининг туғилган кунини нишонлаш учун йўл олишди. Меҳмондорчилик анчагина қуюқ бўлди.
Даврадагиларга қўшилиб, эллик граммни отворганидан кейин Алишернинг иштаҳаси очилди.
Машина ҳайдаб келгани эсига тушганида, «Кеч бўлдику, энди қатнов санжаблашгандир. Машинани секин ҳайдаб, уйга етволамизда», деб ўзини ўзи тинчлантирди. Кейин улфатчиликни давом эттирди.
Тун қоронғусида ҳам бедорлар борлигини, унинг ҳар бир ножўя хатти-ҳаракати қонуний баҳоланишини, энг асосийси, ичкилик таъсирида бирор корҳол содир этиши мумкинлигини ўйламади.
2024 йил 5 февраль куни соат 23:40 ларда Самарқанд вилояти Оқдарё тумани ҳудудидан ўтувчи М-37 автомобиль ёлининг 11-километрида хизмат олиб бораётган вақтимда «Cobalt» русумли автомашинани бошқариб келаётган ҳайдовчининг ҳаракатлари шубҳа уйғотганди.
Шунинг учун уни тўхтатдим, — дейди Самарқанд вилояти ИИБ ЖХХ ЙҲХБ ЙПХ батальони учинчи отряди иккинчи сафарбар гуруҳи командири, катта лейтенант Баҳодир Худойбердиев. — Мулоқот қилиш жараёнида унинг спиртли ичимлик истеъмол қилгани шундоқ сезилиб турарди.
Ушбу ҳолат бўйича маъмурий баённома расмийлаштириб, автомашинани жарима майдонига жойлаштирдим.
Орадан тўрт кун ўтиб, Б.Худойбердиев ўзига бириктирилган ҳудудда хизмат олиб бораётган вақтида, унинг олдига Алишер келиб, унга нисбатан чора кўрмаслик, тўпланган ҳужжатларни ЙҲХБга ўтказмаслик ҳамда автомашинасини жарима майдонидан чиқариб бериш эвазига 400 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни пора сифатида таклиф қилади.
Инспектор фуқарога ҳаракатлари ноқонунийлигини, пора бериш-олиш жиноят эканлигини бир неча бор тушунтиришига қарамасдан, у ўз фикридан қайтмайди.
Шундан сўнг Б.Худойбердиев Самарқанд вилояти ИИБ бошлиғига билдирги билан мурожаат қилади. Натижада ҳуқуқбузарликка қўл урган Алишер ваъда қилган пулларини бераётган вақтида қўлга олинди.
Оқдарё тумани ҳудудидан ўтувчи М-37 автомобиль йўли кечаю кундуз серқатнов, — дейди катта лейтенант Б.Худойбердиев. — Бу, ўз навбатида, барча ҳаракат иштирокчиларидан эътиборли, зийрак ва ҳушёр бўлишни талаб қилади.
Афсуски, орамизда спиртли ичимлик истеъмол қилиб, ўзи ва бошқаларнинг ҳаётини хавф остига қўядиганлар ҳам йўқ эмас.
Юқоридаги ҳолатда ҳам автомашинада уч нафар йўловчи бор эди.
Ташвишлиси, бу тахлит автомашина бошқариш якуни жуда аянчли якун топмаслигига ҳеч ким кафолат бера олмайди, албатта.
Тўпалони ҳаддан ошган болани тартибга чақирган кўйи ота-оналар «Тўпалончи, бебош», деб койийди.
Хўш, қилаётган иши нотўғрилигини кўра-била турган кап-катта одамларни қандай койиш керак? Яна бир айбини яшириш учун иккинчи айбли қилмишга қўл урсачи?..
Бундайларни Баҳодир Худойбердиев сингари касбига садоқатли ва фидойи, ҳалол ходимлар қандай койишни яхши билишади.
©️ «Postda» газетаси, Гулноза Турғунбоева, Самарқанд вилояти.
