Карантин хизмати. Сифатли маҳсулот — саломатлик гарови
2026-02-24 23:00:00 / Янгиликлар

Қашқадарё вилояти ИИБ ЖХХ ЖТСБ Карантин бўлинмаси ходимлари воҳадаги «Умакай», «Мингчинор» ва «Ширинбулоқ» мунтазам ЙПХ масканларида туну кун хизмат олиб бормоқда.
Хусусан, вилоят Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш ҳудудий бошқармаси ходимлари билан биргаликда бозорларга сифатсиз, истеъмолга яроқсиз ҳайвон гўштлари кириб келишининг олдини олишга қаратилган махсус тадбирлар ўтказиб келинмоқда.
Ҳокимликлар, ветеринария хизмати ва бошқа мутасадди идоралар билан ҳамкорликда эса қассобхоналарда сифатли гўшт ва гўшт маҳсулотлари сотилиши назорат қилинмоқда.
Рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, деҳқон бозорларида 422 марта, мол бозорларида 212 марта, бошқа савдо мажмуаларида 128 марта, аҳоли яшаш жойларида 154 марта профилактик рейд ва тарғибот-ташвиқот тадбирлари ўтказилди.
Натижада қассобхоналарда ветеринария-санитария қоидаларига риоя этмаган 32 нафар фуқарога нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилди.
Бундан ташқари, бўлинма ходимлари Вазирлар Маҳкамасининг 1996 йил 18 январдаги «Ўзбекистон Республикасида одамлар ва ҳайвонларнинг қутуриш касаллигига қарши курашни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори, шунингдек, «Савдо шохобчалари ва бозорларда гўшт маҳсулотларини сотишга қўйиладиган талаблар тўғрисида»ги йўриқнома талаблари асосида фаолият кўрсатмоқда.
Эл саломатлиги — юрт бойлиги. Аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш эса, истеъмол қилинаётган маҳсулотлар сифатига бевосита боғлиқ. Карантин бўлинмаси ходимлари зиммаларидаги масъулиятли вазифани сидқидилдан адо этиб, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш йўлида хизмат қилмоқда.
©️ “Postda” газетаси, Содиқ Раҳимов, Қашқадарё вилояти.
