Тошкент вилояти Зангиота туманида гиёҳвандлик савдоси билан шуғулланган жиноий гуруҳлар фаолиятига чек қўйилди
2026-02-24 09:00:00 / Янгиликлар

Тошкент вилояти ИИББ ва ДХХ тезкор ходимлари томонидан «пойтахт намунаси» асосида Зангиота туманини хавфсиз ва жиноятдан ҳоли муҳитга айлантириш мақсадида гиёҳвандлик ва психотроп моддаларнинг ноқонуний муомаласига қарши қатор тезкор тадбирлар ўтказилди. Давоми
Жумладан, Яккасарой туманида яшовчи 22 ёшли аёл 26 дона кучли таъсир қилувчи дори воситасини 2 млн сўмга шартли харидорга сотган вақтида далилий ашёлар билан ушланди.
Тезкор тадбирлар Сирғали, Қуйи Чирчиқ, Қибрай ҳамда Мирзо Улуғбек туманларида давом эттирилиб, аёлни дори воситалари билан таъминлаб келган 26–50 ёш оралиғидаги 3 нафар эркак ва 2 нафар аёл далилий ашёлар билан ушланди.
Тўрт кун давомида жами 6 нафар шахсдан иборат наркозанжирнинг барча бўғинлари узилиб, улардан турли ҳажм ва кўринишдаги 98 дона кучли таъсир қилувчи дори воситалари ҳамда 135 гр гашиш гиёҳвандлик воситаси ҳужжатлаштирилиб олинди.
Шунингдек, Зангиота туманида аниқланган яна бир ҳолатда, 1993 йилда туғилган, Қўқон шаҳрида яшовчи шахс 1181 дона психотроп дори воситасини 30 млн сўм эвазига шартли харидорга сотган вақтида далилий ашёлар билан ушланди.
Умуман олганда, ўтган 40 кун мобайнида Зангиота тумани ҳудудида гиёҳвандлик ва психотроп моддалар билан боғлиқ жами 16 та жиноий ҳолат аниқланиб, 2 та уюшган гуруҳ фаолиятига чек қўйилди.
Тадбирлар натижасида турли ҳажм ва кўринишдаги 1 кг гиёҳвандлик моддаси, 1 371 дона кучли таъсир қилувчи дори воситалари ҳамда 2 000 дозага тенг 400 грамм синтетик гиёҳвандлик воситаси ноқонуний муомаладан олинди.
Мазкур йўналишдаги тезкор-профилактик тадбирлар изчил давом эттирилмоқда.
Тошкент вилояти ИИББ Ахборот хизмати









