Профилактика хизмати. Бефарқликка ўрин йўқ
2026-02-23 07:15:00 / Янгиликлар

Янгиариқ туманидаги «Хўжалар» маҳалласи 2014 йилда ташкил этилган бўлиб, 2600 нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади. 609 та хонадон, 701 та оила бор. Ҳар бир эшик ортида эса ўзига хос тақдирлар яшайди.
Маҳаллада 47 та видеокузатув камераси ишлаб турибди. Профилактика инспекторининг хизмат хонасига уланган кузатув камералари, юзни таниб олувчи ҳамда автотранспорт рақамларини аниқловчи технологиялар ҳудудни назоратда ушлашга хизмат қилмоқда. Аммо жиноятни фақат камера эмас, инсоний яқинлик тўхтатади.
- Биз жиноятга олиб келадиган сабаб ва омилларни олдиндан йўқотишга ҳаракат қиляпмиз, — дейди маҳалла профилактика инспектори, капитан Сирожбек Машарипов. — «Хонадонбай» ва «Фуқаробай» тартибида ишлаб чиқилган йўл хариталари доирасида жорий йилнинг ҳар чораги учун аниқ чора-тадбирларни белгилаб олганмиз. Жиноят қандай бўлишидан қатъи назар, у барибир жиноят. Ҳар бирининг ортида инсон тақдири бор. Шу боис жиноятга йўл қўймаслик — асосий вазифамиз.
Маҳаллада хотин-қизлар фаоли билан ҳамкорлик натижасида сўнгги уч йил давомида аёллар ва вояга етмаганлар ўртасида жиноят қайд этилмаган. Бу рақам эмас — бу олди олинган фожиалар. Маҳаллада 55 нафар ишсиз, 16 нафар уюшмаган ёшлар бор. Ҳар бири билан манзилли ишлаш йўлга қўйилган. Чунки лоқайдлик жиноятни чақиради. Негаки, энг хавфли душман — бефарқлик. Профилактика инспектори хизмат уйида яшайди, уч йилдан бери маҳалла тўйларида қатнашади, ҳатто ижтимоий тармоқлар орқали ҳам фуқаролар билан бевосита мулоқот қилиб, уларни қийнаётган масалаларга ечим излайди.
Нилуфар ЖАББОРОВА, ўз мухбиримиз.
Хоразм вилояти.
