“Уч авлод“ учрашуви. Амалий тажрибадан истиқбол сари
2026-02-21 23:00:00 / Янгиликлар

Тошкент туманида «Уч авлод» учрашуви бўлиб ўтди. Ғоят қизғин ўтган тадбир авлодлар ўртасидаги узвийлик, ҳаётий тажриба ва фуқаролик масъулиятини бир майдонга жам этган муҳим мулоқотга айланди.
Учрашувга Ички ишлар вазири маслаҳатчиси, генерал-полковник Зокиржон Алматов, Жиззах вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров, Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармаси бошлиғи маслаҳатчиси, генерал-майор Сайфулла Асадов, истеъфодаги генерал-майор Аҳмаджон Усмоновлар таклиф этилди.
Шунингдек, тадбирда ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбар ходимлари, мактаб директорлари, «қизил» тоифага киритилган маҳаллаларнинг еттилик вакиллари, ёшлар ва профилактика инспекторлари қатнашди.
Учрашув давомида жамоат хавфсизлигини таъминлашда оила, маҳалла ва жамоатчилик ҳамкорлигини кучайтириш, профилактик тадбирларни тизимли йўлга қўйиш, ёшлар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш ва маънавий-ахлоқий тарбияни юксалтириш масалалари юзасидан атрофлича фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Энг муҳими, катта авлоднинг ҳаётий сабоқлари, ўрта авлоднинг амалий тажрибаси ва ёшларнинг фаол позицияси бир нуқтада туташди. Бу эса хавфсиз жамият фақат қонун билан эмас, балки ҳамжиҳатлик, бефарқ бўлмаслик ва умумий масъулият билан барпо этилишини яна бир бор кўрсатди.
Тадбир якунида жамоат хавфсизлигини таъминлашдаги фаоллиги ва фидокорона хизматлари учун ҳамда бир гуруҳ профилактика инспекторлари эсдалик совғалари, ташаккурномалар билан тақдирланди.
©️ “Postda” газетаси, Раҳимжон Шодиев, Тошкент вилояти ИИББ. Фахрийлар кенгаши аъзоси.
