Қашқадарё вилояти ИИБ раҳбарияти томонидан Қарши туманида ёшлар билан очиқ мулоқот ўтказилди
2026-02-21 09:00:00 / Янгиликлар

«Раҳбар ва ёшлар» учрашуви доирасида Қашқадарё вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи Абдувоҳид Исмоилов Қарши туманидаги бир қатор маҳаллаларда истиқомат қилувчи ёшлар билан очиқ мулоқот ўтказди.
Самимий руҳда ташкил этилган тадбирда ёшларни қийнаб келаётган муаммолар, таклиф ва ташаббуслар атрофлича тингланди.
Учрашув Қарши туман ҳокимлиги биносида бўлиб ўтди. Унда туман ҳокимлиги масъуллари, тижорат банклари вакиллари, Ёшлар масалалари бўйича мутасаддилар, маҳаллалардаги уюшмаган ёшлар ҳам иштирок этди.
Мулоқот давомида контракт тўловларини амалга оширишда қийналаётган оилалар, ишсиз ёшлар ҳамда тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш истагида бўлган фуқаролар ўз мурожаатларини билдиришди.
Ҳар бир масала юзасидан масъулларга аниқ вазифалар юклатилиб, муаммоларни ижобий ҳал этиш бўйича амалий чора-тадбирлар белгиланди.
Шунингдек, пробация ҳисобида турган ёшлар билан алоҳида суҳбат ўтказилиб, уларнинг бандлигини таъминлаш, жамиятга мослашувини қўллаб-қувватлаш ва қайта ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашув якунида 11 нафар ёш тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагини билдириб, имтиёзли кредит ажратиш бўйича амалий ёрдам сўради.
Шунингдек, 6 нафар пробация ҳисобида турган ёш билан алоҳида ишлаш юзасидан масъулларга топшириқлар берилди.
Айтиш жоиз, мазкур очиқ мулоқот ёшлар билан манзилли ишлаш, уларнинг муаммоларига жойида ечим топиш ва ташаббусларини қўллаб-қувватлашга хизмат қилиши шубҳасиз.
Қашқадарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати









