Наманган вилояти ИИБ ишчи гуруҳининг комплекс ўрганиш ишлари Учқўрғон туманида бўлиб ўтди
2026-02-20 12:20:00 / Янгиликлар

Бошқарма бошлиғи раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ томонидан вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида босқичма-босқич комплекс ўрганиш ишлари амалга оширилмоқда. Мазкур ўрганишлар доирасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-1 ва ПҚ-2-сон қарорлари ижроси, жиноятчилик ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш борасида олиб борилаётган ишлар, шунингдек, оила-турмуш доирасида содир этилаётган оғир ва ўта оғир турдаги жиноятларнинг келиб чиқиш сабаблари атрофлича таҳлил қилиниб, аниқланган камчиликлар юзасидан амалий ёрдам кўрсатиб келинмоқда.
Жумладан, ишчи гуруҳ навбатдаги комплекс ўрганиш ишлари доирасида Учқўрғон туманида бўлиб, унда “Норин”, “Ўрдабоғ” ва “Фарғона” маҳаллаларида хизмат олиб бораётган масъул ходимлар фаолияти, шунингдек, “Саидхон Эшон” жоме масжидида таровеҳ намозлари вақтида жамоат хавфсизлигини таʼминлаш бўйича кўрилган чора-тадбирлар ўрганилди.
Ўрганишлар давомида “Норин” маҳалласи ҳудудида содир этилган қасддан баданга оғир тан жароҳати етказиш билан боғлиқ жиноятнинг келиб чиқиш сабаблари атрофлича муҳокама қилиниб, маҳалла еттилиги фаолиятидаги мавжуд камчиликлар танқидий руҳда кўриб чиқилди.
Шунингдек, маҳаллаларни жиноятдан холи ҳудудга айлантириш, Тошкент шаҳрининг Чилонзор тумани тажрибаси асосида ишларни самарали ташкил этиш, мобил қурилмалардаги “Менинг инспекторим” иловаси орқали аҳолига яратилган қулайликларни кенг тарғиб қилиш ҳамда профилактик тадбирлар самарадорлигини ошириш бўйича масъул раҳбарларга аниқ топшириқлар берилди.
Наманган вилояти ИИБ Ахборот хизмати



