Хоразм вилоятида Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказишга оид чора-тадбирлар белгилаб олинди
2026-02-20 11:00:00 / Янгиликлар

Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармаси мажлислар залида вилоятдаги ҳуқуқ-тартибот ва мутасадди ташкилотлар раҳбарлари иштирокида «Рамазон – меҳр-мурувват, аҳиллик ва шукроналик ойи» эзгу ғояси асосида муборак ойни кўтаринки руҳда ва хавфсиз ўтказишга бағишланган тезкор видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Тадбир вилоят миқёсида барча куч ва воситаларни мувофиқлаштириш, профилактик чора-тадбирларни аниқ режалаштириш ҳамда жамоат хавфсизлигини таъминлаш масалаларига бағишланди.
Йиғилишда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарлари, жумладан, вилоят ҳокимлиги, вилоят Ички ишлар бошқармаси, ДХХ вилоят бошқармаси, Миллий гвардия бошқармаси, Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ҳамда тегишли идора ва ташкилотлар масъуллари иштирок этди. Ҳудудий студиялар орқали шаҳар ва туманлар ҳуқуқ-тартибот органлари раҳбарлари ҳамда мутасаддилар видеоконференция тарзида қатнашди.
Кун тартибидаги асосий масала — Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 16 февралдаги «Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида»ги ПҚ-65-сонли қарори ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорлари ижросини вилоят миқёсида сифатли ва самарали таъминлашдан иборат бўлди. Қарорларда белгиланган вазифаларнинг мазмун-моҳияти, хусусан, жамоат хавфсизлигини мустаҳкамлаш, фуқароларга қулай шароит яратиш, йўл-транспорт ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, ёнғин ва фавқулодда ҳолатларнинг олдини олиш каби йўналишлар атрофлича муҳокама қилинди.
Йиғилишда дастлаб вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғи, полковник Абдумажид Шермухамедов Рамазон ойи давомида амалга ошириладиган ташкилий-профилактик тадбирлар юзасидан батафсил ахборот берди. Барча масжидлар хавфсизлик нуқтаи назаридан кўздан кечирилгани, видеокузатув тизимлари, ёнғинга қарши воситалар ва эвакуация йўлаклари ҳолати ўрганилгани қайд этилди. Шунингдек, жамоат жойларида патруль хизматлари сони оширилиши, тунги вақтда назорат кучайтирилиши таъкидланди.
Таъкидланганидек, жорий йилда вилоятдаги 95 та масжидда «Таровеҳ» намозлари адо этилиши режалаштирилган. Шу муносабат билан ҳар бир масжид кесимида аниқ куч ва воситалар тақсимоти амалга оширилиб, ички ишлар органлари ходимлари, Миллий гвардия ва бошқа ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда жамоат тартибини кучайтирилган тартибда таъминлаш режаси ишлаб чиқилди.
Айниқса, катта автомобиль йўллари ёқасида жойлашган масжидлар атрофида транспорт воситалари ҳаракатини вақтинча чеклаш, айланма йўлларни белгилаш, пиёдалар хавфсизлигини таъминлаш бўйича алоҳида чора-тадбирлар белгилаб олинди. Йўл-патруль хизмати томонидан тирбандликларнинг олдини олиш, фуқароларга қулайлик яратиш ва йўл ҳаракати маданиятини оширишга қаратилган профилактик ишлар кучайтирилади.
Тадбир давомида бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарларининг ҳам ахборотлари тингланиб, ўзаро ҳамкорликни янада кучайтириш, ахборот алмашинувини тезкорлаштириш ва ҳар қандай фавқулодда ҳолатларга зудлик билан муносабат билдириш механизмларини такомиллаштириш масалалари белгилаб олинди.
Йиғилиш якунида мутасаддиларга аниқ топшириқ ва вазифалар юклатилиб, ҳар бир ҳудудда Рамазон ойини осойишта, хавф-хатарсиз ва кўтаринки руҳда ўтказиш — барча масъул ташкилотлар олдидаги устувор вазифа экани алоҳида қайд этилди. Мазкур чора-тадбирлар аҳоли учун қулай ва хавфсиз муҳит яратиш, диний маросимларни тартибли ташкил этиш ҳамда жамоат хавфсизлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати



