«Хавфсиз ҳудуд». Тажриба - энг яхши мактаб
2026-02-20 06:55:00 / Янгиликлар

Жиноятчиликни жиловлашда замонавий технологиялар билан бирга, кўпни кўрган инсонларнинг ўгити ҳам муҳим роль ўйнайди. Шу боис туман ИИОФМБ Фахрийлар кенгаши аъзолари мазкур жараёнларда фаол иштирок этиб, ўзларининг бой касбий маҳоратини ёш авлод билан ўртоқлашмоқда.
Навбатдаги учрашувларда фахрийлар хизмат фаолияти давомида дуч келган мураккаб вазиятлар ва уларни оқилона ҳал этиш йўлларини ёш ходимларга ўргатишди. Муҳими, бу мулоқотлар фақат тизим доирасида чекланиб қолмай, маҳалла ёшлари ўртасида ҳам давом этмоқда. Кекса авлод вакиллари йигит-қизларга тўғри йўл кўрсатиб, ҳаётда ўз ўрнини топишлари бўйича берган маслаҳатлари ҳудудда маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.
«Пойтахт намунаси»нинг асосий мезони ҳам маҳаллабай ишлаш тизими орқали ҳар бир хонадонга кириб бориш, муаммоларни барвақт аниқлаш ва аҳоли учун том маънода хавфсиз муҳит яратишдан иборатдир. Белгиланган вазифалар амалга ошиши учун соҳа ходимларининг тезкорлиги ва шаффоф фаолияти ҳамда фахрийларнинг бой тажрибаси бир нуқтада бирлашса, «хавфсиз ҳудуд» тамойили тўлиқ қарор топади.
Сарвар СОБИРОВ, ўз мухбиримиз. Тошкент шаҳри.
