Сирдарё вилояти ИИБ раҳбарияти томонидан Ширин шаҳри маҳаллаларида профилактика ишлари самарадорлиги таҳлил қилинди
2026-02-20 06:20:00 / Янгиликлар

Даставвал, бошқарма бошлиғи Ширин шаҳар ҳокимиятида бўлиб, у ерда “Чилонзор тажрибаси” асосида ташкил этилган ишчи гуруҳ фаолияти билан яқиндан танишди. Учрашув давомида ишчи гуруҳ томонидан жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, аҳоли мурожаатлари билан ишлаш, муаммоли оилалар ҳамда профилактик ҳисобда турувчи шахслар билан манзилли иш олиб бориш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар юзасидан маълумот берилди.
Ташриф давомида бошқарма бошлиғи “Чилонзор тажрибаси”ни ҳудудда самарали татбиқ этиш, профилактик ишлар сифатини ошириш, секторлар ва тегишли ташкилотлар ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш бўйича зарур кўрсатма ва тавсияларини берди. Шунингдек, жиноятчиликни жиловлашда таҳлил ва манзилли ишлаш усулларидан самарали фойдаланиш, ҳар бир маҳаллада хавфсиз муҳитни таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Кейинги манзил Ширин шаҳрининг “А.Темур” маҳалласи бўлди.
Мазкур маҳаллада Сирдарё вилояти ИИБ бошлиғи маҳалла фаоллари, профилактика инспектори ҳамда “маҳалла еттилиги” аъзолари билан учрашиб, ҳудудда жиноят ва ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишди.
Учрашув давомида маҳалладаги криминоген вазият таҳлили, профилактик ҳисобда турувчи шахслар билан олиб борилаётган манзилли ишлар, муаммоли оилалар ҳолати, ёшлар ва хотин-қизлар билан ишлаш тизими муҳокама қилинди. Шунингдек, “Чилонзор тажрибаси” асосида ташкил этилган ишларнинг амалдаги натижалари юзасидан маълумотлар тингланди.
Бошқарма бошлиғи томонидан маҳаллада ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда таҳлилга асосланган ёндашувни кучайтириш, ҳар бир оила кесимида ишлаш, аҳоли билан очиқ мулоқотни йўлга қўйиш ва профилактик тадбирларни тизимли равишда ташкил этиш бўйича аниқ кўрсатма ва тавсиялар берилди.
Ўрганишлар давомида Сирдарё вилояти ИИБ бошлиғи “Дўстлик” маҳалласида ҳам бўлиб, маҳалла еттиликлари фаолияти билан яқиндан танишди.
Маҳаллада жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, профилактик ҳисобдаги шахслар билан манзилли ишлаш, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан масъулларнинг ахбороти тингланди.
Ташриф давомида бошқарма бошлиғи маҳаллага мурожаат билан келган фуқаролар билан ҳам очиқ мулоқот ўтказди. Суҳбат жараёнида аҳолини қийнаб келаётган ижтимоий ва ҳуқуқий муаммолар атрофлича ўрганилиб, уларни бартараф этиш бўйича тегишли мутасаддиларга аниқ топшириқ ва кўрсатмалар берилди.
Шунингдек, ҳар бир мурожаат назоратга олиниши, фуқаролар билан ишлашда очиқлик ва тезкорликни таъминлаш, “Халқ манфаати — устувор” тамойили асосида иш ташкил этиш зарурлиги алоҳида таъкидланди.
Ташриф якунида ҳудудда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, “Хавфсиз маҳалла” тамойилини тўлиқ жорий этиш борасида масъулларга қўшимча вазифалар белгилаб берилди.
Сирдарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати



