Чилонзор туманида психотроп моддаларни аниқлашга хизмат қилувчи янги бот тақдим этилди
2026-02-19 15:45:00 / Янгиликлар

Тошкент шаҳри Чилонзор туман ҳокимиятида бўлиб ўтган навбатдаги йиғилишда, Ўзбекистон Республикаси ИИВ Малака ошириш институти ходимлари томонидан тайёрланган республика аҳолисининг аксарият қисми фойдаланадиган “Telegram” мессенжерида шартли номи “Psixotrop” деб номланган барча шахслар фойдаланиш имкониятига эга бўлган бот тақдимоти ўтказилди.
Эътиборли жиҳати, ботдан исталган фойдаланувчи бемалол фойдаланиши мумкин бўлиб, айниқса ички ишлар органлари, жумладан ҳар қандай ҲМҚО ходимлари учун дори воситаларининг ҳуқуқий мақомини тезкор аниқлашда самарали ёрдамчи сифатида хизмат қилади.
Фойдаланувчи томонидан дори воситасининг номи ботга киритилгач, тизим мавжуд маълумотлар базаси асосида ушбу препаратнинг Ўзбекистон Республикасида муомаласи тақиқланган ёки чекланган гиёҳвандлик воситалари, муомаласи чекланган психотроп моддалар, муомаласи чекланган прекурсорлар ҳамда кучли таъсир қилувчи моддалар рўйхати бўйича тақиқланган ёки тақиқланмаганлиги тўғрисида аниқ, ишончли ва тезкор маълумот тақдим этади.
Ушбу механизм психотроп воситалар ва уларнинг аналоглари бўйича ахборот алмашинувини оптималлаштириш, ходимларнинг хизмат фаолиятида тезкор қарор қабул қилиш жараёнини енгиллаштириш ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишга кўмаклашади.
Ботга уланиш: https://t.me/Psixotrop_moi_bot
ИИВ Малака ошириш институти Матбуот хизмати





