Ички ишлар вазирлиги Эксперт-криминалистика бош маркази фаолияти ўрганилди
2026-02-17 14:00:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Наркотиклар ва ўқотар қуролларни назорат қилиш агентлиги масъул ходимлари Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Эксперт-криминалистика бош марказида бўлиб, ўқотар қуроллар муомаласига оид фаолият билан яқиндан танишдилар.
Ўрганиш жараёнида Бош марказ масъул ходимлари томонидан ўқотар қуролларга оид ҳисоботларни шакллантириш, Давлат ўқ-гилзотекасини юритиш ҳамда автоматлаштирилган баллистик идентификация тизимининг имкониятлари ҳақида атрофлича маълумот берилди.
Шунингдек, мазкур тизимнинг ўқотар қуролларнинг қонунга хилоф муомаласига қарши курашишдаги аҳамияти алоҳида таъкидланди.
Учрашув давомида тизимнинг амалий имкониятлари, идоралараро ахборот алмашинуви, мониторинг механизмлари ва рақамли интеграция масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Учрашув якунида мавжуд инфратузилмани янада такомиллаштириш, замонавий рақамли ечимларни жорий этиш ҳамда ўқотар қуроллар муомаласи устидан назорат самарадорлигини оширишга қаратилган таклиф ва тавсиялар билдирилди.



