ИИВ Академияси тингловчилари Тошкент вилоятида амалиётга киришдилар
2024-06-08 11:00:00 / Янгиликлар

Хусусан магистратура ва бакалавр тингловчилари амалиёт жараёнида Қибрай тумани ички ишлар бошқармаси 3-сектор фаолияти билан яқиндан танишишди.
Академия магистрлари ва уларга бириктирилган амалиёт ўтаётган тингловчиларнинг биринчи манзили ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича сектор штаби фаолиятини ўрганишдан бошланди.
Дастлаб 3-секторга бириктирилган маҳалла масъуллари билан йиғилиш ўтказилиб, аҳолига янада қулайлик яратиш мақсадида хонадонбай юриб муаммоларни ўрганиш, фуқаролар бандлигини таъминлаш, ёшларни касб ҳунарга ўқитиш, ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган инсонларни қўллаб-қувватлашга доир белгиланган вазифалар ижроси ўрганилди.
Жорий йилнинг ўтган даврига қадар бу борада қилинган ишлар тўғрисида маълумотлар берилди.
Шундан сўнг амалиётчи ходимлар 2-сонли ички ишлар бўлинмаси ҳамда «Бойжигит» маҳалласига ташриф буюришди.
У ерда маҳалла еттилиги фаолияти билан танишишди. Шунингдек, секторга келиб тушган аҳоли мурожаатлари амалиётчилар билан бирга жойига чиққан ҳолда ўрганилди.
Тингловчилар дастур доирасидаги тадбирларни 12 июнга қадар давом эттиришлари белгиланган.
Тошкент вилояти ИИББ Ахборот хизмати









